«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Ғузор тумани: “ОБОД МАҲАЛЛА — ХАВФСИЗ МАҲАЛЛА”

  Маҳалла жамиятда тинчлик-тотувлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий урф-одат ва қадриятларни асраб-авайлаш, оилалар жипслилигини таъминлаш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал этишда халқимизга энг яқин ижтимоий тузилма ҳисобланади.
Маҳалла фуқаролар йиғинларининг эндиликда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини амалиётга жорий этиши, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва осойишталикни таъминлаши, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириши, азалий қадриятларни тиклашда намуна бўлиши давр талабидир.
  Бир сўз билан айтганда, маҳалла масъуллари маҳалла иши билан шуғулланиши, маҳалла биноси том маънода Адолат қўрғонига айланиши лозим.
Шу жумладан, Ғузор туманидаги Хўжагузар маҳалла фуқаролар йиғини мутасаддиларининг жонбозлиги таҳсинга лойиқ. Маҳаллада «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» «Темир дафтар»лар жорий этилган бўлиб, юзага келган муаммоларни ўз ўрнида бартараф этиш учун масъуллар аҳоли билан ҳамнафас бўлиб ишлашмоқда.
 «Аёллар дафтари»да 63 нафар аёллар рўйхати шакллантирилган, улардан 13 нафарига имтиёзли кредит олиш учун тавсиянома берилди. «Ёшлар дафтари»да 50 нафар ёшлар қамраб олинган. Ёшларнинг мурожаатлари ўрганилиб, 10 нафар ёшларга турли хил йўналишларда кредит олиш учун тавсиянома, 5 нафарига эса касб-ҳунарга ўқитиш учун йўлланма берилди.
  Маҳаллада ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам ўз ўрнида. Хирот кўчасида 54 хўжаликка хизмат қиладиган янги трансформатор ўрнатилди. 10 та янги симёғоч қўйилди ва изоляцияли кабель тортилди. Навоий ва Ҳамза кўчаларидаги 10 та симёғочнинг кабеллари алмаштирилди. Обод, Фаровон, Ибрат кўчаларининг 2 километрида, Хўжагузар кўчасининг 330 метрида шағал ётқизилди.
  Жорий йилда томорқаларга мевали-манзарали ва гул кўчатлари экилди. Сув муаммосининг олдини олиш мақсадида яна 1 та артезиан қудуқ қаздириш, «Йўл харитаси»га асосан яна 4 та трансформатор, 150 та симёғоч ўрнатилиши режалаштирилди. Бу саъйи-ҳаракатларнинг ҳаммаси маҳалланинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшади.
  Маҳалла раиси Зафар Улжаев, оила, хотин-қизлар ва ижтимоий масалалар бўйича раис ўринбосари З.Шоназарова, ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича раис ўринбосари А.Эшманов, меҳнат инспекторининг ёрдамчиси Г.Шукуровалар маҳалланинг ободлиги, тинч-тотувлиги учун тиним билмай меҳнат қилишмоқда. Маҳалла масъулларининг бундан кейинги ишларига омад тилаб, янада юксак муваффақиятларга эришишларига тилакдошмиз.


Ш.ИМОМОВА,
teleradio.uz сайти мухбири

Comments are closed.