«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Қарши тумани 67-мактаб: «БИР МИЛЛИОН ДАСТУРЧИ» лойиҳаси қатнашчиси

   Бугунги тезкор ва глобаллашув даври юқори малакали дастурчи ва мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришни тақозо қилмоқда. Бугунги кун ва келажагимизни ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда соҳанинг етук кадрларисиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Мамлакатимизда 2020 йил Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилиниши замирида ҳам катта маъно ва мақсад мужассам. Бу борадаги давлат дастурида жорий йилда бир қатор йирик вазифа ва лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 60 фоизи ёшлардан иборат. Уларни замонавий ахборот технологиялари, дастурий маҳсулот яратиш ва аутсоринг хизматларини кўрсатишга кенг жалб қилиш орқали иш билан таъминлаш муҳим вазифа ҳисобланади.

      
Айни пайтда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Қарши туманидаги 67-мактабимизда таҳсил олаётган 11-синф ўқувчиси Жавоҳир Рустамов “Бир миллион дастурчи” лойиҳасида биринчи босқичда муваффақиятли қатнашиб, иккинчи босқичга йўлланма олди. Жавоҳир ўзининг талабчанлиги, илмга чанқоқлиги билан тенгқурларига ҳам ўрнак бўлмоқда. Яна шуни таъкидлаш керакки, Жавоҳир Рустамов компьютер инжинеринг йўналиши бўйича Туркиянинг олийгоҳларига ҳужжат тақдим этди. Март ойида онлайн тарзда бўлиб ўтадиган имтиҳонга тайёргарлик кўрмоқда .

“Бир миллион дастурчи” лойиҳаси йил якунида сарҳисоб қилинади. Бунда умид қиламизки мактабимизнинг фахрли ўқувчиси Жавоҳир Рустамов ушбу лойиҳанинг ғолиби бўлишга мушарраф бўлади.

Дилрабо ТЎРАҚУЛОВА,
Қарши тумани 67-мактабнинг аниқ фанлар метод бирлашмаси раҳбари.

Comments are closed.