«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

«ЎЙЛА, ИЗЛА, ТОП»

 Таълим-тарбия тизимининг бугунги кундаги асосий вазифаси ўсиб келаётган ёшларни ватанпарвар, замонавий билим, кўникма ва малакаларни ўзлаштирган ҳамда жамиятда ўз муносиб ўрнини эгаллашга қодир бўлган — комилликка интиладиган баркамол авлодни вояга етказишдир.
Бугунги кунда умумий ўрта таълим мактабларида аниқ ва табиий фанларни ўқитишдан кўзда тутилган асосий мақсад – ҳозирги замон бозор иқтисодиёти шароитларини ҳисобга олган ҳолда ҳар бир жамият аъзосининг меҳнат фаолияти ва кундалик ҳаёти учун зарур бўлган математик билим, кўникма ва малакаларни бериш, шунингдек, ўқувчиларнинг ҳаётий тасаввурлари билан амалий фаолиятини умумлаштириб бориб, математик билимларни олишга интилиш, ўқувчиларда изчил мантиқий фикрлашни шакллантириб бориш натижасида уларнинг ақл-заковатига, табиат ва жамият муаммоларни ҳал этишнинг мақбул йўлларини топа олишларига кўмаклашишдан иборат. Ҳозирги саноатлашган даврда, техника ва технологияларнинг такомиллашиб боришида математика фанининг ўрни беқиёс эканлигидан ўқувчиларни хабардор қилиш ҳамда уларнинг фанга бўлган қизиқишларини ошириш, фан ўқитувчиларининг педагогик маҳоратини, ижодий изланишлари ва меҳнатларини рўёбга чиқариш мақсадида математика фан ойлиги ўтказиб келинмоқда.
Жумладан, Қарши туманига қарашли 67-мактабимизда ҳам 7 синф ўқувчилари ўртасида «Ўйла, изла, топ», беллашув тадбири ўтказилди. Бунда икки, яъни «Algoritm» ва «Arifmetika» жамоалари ўзаро беллашдилар. Беллашув 5 шарт асосида қизиқарли ва мунозараларга бой тарзда бўлиб ўтди. Мактаб ўқитувчилари жамоасидан тузилган ҳайъат аъзолари ҳар бир шартни 5 баллик система асосида баҳолаб борди.
Беллашув «Эслаб қол», «Атамалар айтиш», «Билимлар қасрини қуриш», «Дастурлаш» ҳамда «Тезкор саволлар» асосида тузилган шартлардан иборат бўлиб, қизғин кечган ушбу беллашувда икки жамоа ҳам фаол иштирок этди ва бир хил кўрсаткичга эришди. Албатта, бунда мактабимиз директорининг ҳам ҳиссаси катта бўлди. Тадбирдан мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар ва ҳангома-ю аскиялар ҳам ўрин олди.
Ушбу тадбирда мактаб ўқувчиларидан иборат томошабинлар ҳам иштирок этишди. Тадбир сўнгида жамоалар совғалар билан тақдирланди.

Нигора ДИЛМОНОВА, Шаҳзода МУЛЛАЕВА,
Қарши тумани, 67-мактабининг математика фани ўқитувчилари.

Comments are closed.