«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

КАРДИОЛОГИЯ ВА ЭНДОКРИНОЛОГИЯ ШИФОХОНАЛАРИДА МЕДИА-ТУР БЎЛИБ ЎТДИ

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоятимиздаги филиаллари фаолияти билан таништириш мақсадида медиа-тур ташкил этилди.
Медиа-тур жараёнида журналист ва блогерлар Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган, вилоятда илк тиббиёт кластери ҳисобланган мазкур шифохоналардаги замонавий шароитлар, даволашда қўлланилаётган янги услублар билан танишди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Равшан Тўлаков, кардиология маркази филиали директори, тиббиёт фанлари доктори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими Набижон Йўлдошев, эндокринология маркази филиали директори Бобур Тешаев филиаллар фаолияти хусусида бўлимларга кичик саёҳат ва тақдимот-слайдлари асосида маълумот беришди.
Қайд этилишича, кардиология маркази филиали кунига 100 қатновли маслаҳат поликлиникаси ҳамда 130 ўринли стационар шифохонадан иборат. Стационарда кардиохирургия ва умумий реанимация, юрак ишемик касалликлар ва реабилитация, артериал гипертония, юрак етишмовчилиги ва аритмология, рентген-жарроҳлик, кардиожарроҳлик, ташхислаш ва бошқа бўлимлар фаолият юритмоқда.
Эндокринология маркази вилоят филиалида 150 қатновли поликлиника, 150 ўринли стационар шифохона мавжуд. Филиалда йилига 48 000 дан ортиқ беморга амбулатор, 4600 дан ортиқ беморга стационар шароитда ихтисослашган даволаниш, 33 459 нафар диспансер назоратидаги тиббий ёрдам бериш имконияти яратилган. Шунингдек, Шаҳрисабз, Китоб, Қамаши ва Ғузор туманларида барпо этилган 80 ўринли туманлараро ихтисослаштирилган эндокринология бўлимларида йилига 2500 дан ортиқ беморга стационар ёрдам кўрсатилмоқда. 2020 йилда филиалда стационар даволанган беморлар 5112 нафарни ташкил этди. Шу кунга қадар йирингли жарроҳлик бўлимида 1272, тоза жарроҳлик бўлимида 203та жарроҳлик амалиёти ўтказилди, гемодиализ бўлимида 45759 та гемодиализ сеанси амалга оширилди.
Медиа-тур якунида журналист ва блогерлар соҳага оид, ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасаддилардан батафсил жавоб олишди.

Ш.ИМОМОВА,
“teleradio.uz” сайти мухбири.

Comments are closed.