«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

БАРЧА ИМКОНИЯТЛАР — БОЛАЖОНЛАР УЧУН

Мактабгача таълим соҳаси узлуксиз таълим тизимининг бирламчи бўғини ҳисобланиб, у ҳар томонлама соғлом ва баркамол бола шахсини тарбиялаш ва мактабга тайёрлашда ғоят муҳим аҳамият касб этади. Мустақиллик йилларида республикада таълим-тарбия тизими ва баркамол авлодни тарбиялаш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари даражасига кўтарилди.

Касби туманида фаолият олиб бораётган 14-МТТ 170 нафар болажонларни ўз бағрига олиб, бугунги кунда етук салоҳиятли кадрларни тайёрлашда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Ташкилотни 20 йилдан буён ўзининг етук малакаси ва катта касбий тажрибаси билан бошқариб келаётган Динора Имомова болажонларнинг таълим-тарбияси ва соғлиги учун масъулият билан ёндашиб келади.

Кичкинтойларнинг 120 нафари асосий гуруҳга, 50 нафари қисқа гуруҳга қатнашадилар. Ташкилотда 11 нафар тарбиячи ва 11 нафар кичик тарбиячилар фаолият олиб бормоқда. Инглиз тили, жисмоний тарбия, мусиқа фанларидан малакали мутахассислар болажонларга сабоқ бериб келишмоқда. Спорт йўналишида шашка, енгил атлетика, сузиш машғулотлари доимий ўтказилиб келинмоқда. Шу билан бирга қизалоқларимиз учун ҳам “Зумратойлар” тўгараги мунтазам ишлаб турибди. 2 нафар пазанда ошпазлар бир-биридан мазали таомлар ва салатлар тайёрлаб кичкинтойлар учун беминнат хизмат кўрсатмоқдалар.

“Кўзмунчоқ” гуруҳида сабоқ олаётган 6 ёшли қизалоқ Шаҳзода Муродова “Она”, Адиз Шамсиддинов эса “Ватан” ҳақидаги шеърларни ёддан билишади.

Ушбу гуруҳнинг тарбиячиси Гулшод Тўраева мана 15 йилдирки кичкинтойларни мактабга тайёрлашдек масъулиятли вазифани аъло даражада бажариб келмоқда. 14-ДМТТдаги “Айиқчалар” гуруҳидаги бир-биридан ширин болажонларимизга тарбиячи Зулфизар Турсуновадан турли хил машғулотларни қунт билан ўргатиб келмоқда.

— Ташкилотимизда болажонлар учун барча шароитлар яратилган. Малакали тарбиячиларимиз кичкинтойларга сабоқ беришда бор билим ва имкониятларини ишга солмоқдалар. Келажакда болажонлар учун қўшимча — математика, рақс тўгаракларини ташкиллаштириш асосий режаларимдан бири, — дейди ташкилот директори Динора Имомова.

Ушбу ташкилотда тарбияланаётган болажонларнинг келгусида етук мутахассис, моҳир касб эгаси бўлиб етишишларидан умидвормиз.

Ш.ИМОМОВА,

teleradio.uz мухбири.

Comments are closed.