«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Қашқадарё вилоятида амалга ошириладиган лойиҳаларни маълум қилди

Президент Шавкат Мирзиёев иқтисодиётни тиклаш ва ривожлантириш, одамлар ҳаётини яхшилаш борасидаги ишлар билан танишиш мақсадида 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятида бўлди.

Ташриф чоғида президент Қашқадарё вилоятида уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболли лойиҳалар билан ҳам танишди.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Музаффар Солиев томонидан Қашқадарё вилоятида иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш ҳамда кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини такомиллаштириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ва истиқболли лойиҳалар тақдимот қилинди.

Тақдимот давомида кўп квартирали уйларни бошқариш тизимига бозор механизмларни жорий этиш, самарасиз фаолият юритаётган, оғир тоифадаги уй-жой мулкдорлари ширкатлар ўрнига бошқарув сервис компанияларни ташкил этиш, уйларнинг техник ҳолатини яхшилаш, иссиқлик таъминоти тизимини комплекс ривожлантириш ҳамда аҳолига коммунал сервис хизматлар кўрсатилишини кенгайтириш борасида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва Қашқадарё вилоятида амалга оширилиши режалаштирилаётган чора-тадбирлар ва лойиҳаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги хабарига кўра, соҳада тўпланган шу каби амалий тажрибага таянган ҳолда ҳамда ривожланган мамлакатларнинг бу борадаги илғор тажрибасидан келиб чиқиб Қашқадарё вилоятида 2020 якунига қадар ва 2021 йил ва келгуси йилларда соҳани ривожлантириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар ва лойиҳаларни амалга оширилиши таклиф этилди.

Биринчидан, кўп квартирали уйларни бошқариш тизимига бозор механизмларни жорий этиш бўйича бошлаган ишлар изчил давом эттирилади. Вилоятдаги мавжуд 161та уй-жой мулкдорлари ширкатларининг молиявий-иқтисодий ҳолатини ўрганиш натижасида аниқланган оғир тоифадаги 89та ширкатлар жорий йил якунига қадар тугатилиб, уларга бириктирилган уйларни мулкдорларнинг розилиги билан белгиланган тартибда 10та янги бошқарув сервис компаниялари ташкил этилади.

Иккинчидан, ширкатларнинг тижорат банклари олдидаги кредит қарздорлигини сўндириш бўйича аниқ чоралар кўрилади.

Учинчидан, кўп квартирали уйларнинг жорий ва мукаммал таъмирланишини молиялаштириш бўйича янги механизм жорий этилади.

Тўртинчидан, уй-жой мулкдорлари ширкатларга бухгалтерлик ва консалтинг хизматларини кўрсатадиган “Ягона ҳисоб-китоб маркази” ДУКларнинг ижобий тажрибасидан келиб чиқиб, уларнинг фаолияти барча кўп квартирали уйларни бошқариш органларига татбиқ этилади.

Бешинчидан, аҳолининг сифатли ва кафолатли коммунал сервис хизматларига эҳтиёжини эътиборга олган ҳолда “Таъмирлаш-тиклаш хизмати” ДУК негизида ташкил этилган “Тез коммунал хизмат” сервиси фаолияти янада ривожлантирилади, мижозларнинг эҳтиёжларига қараб кўрсатилаётган хизмат турлари кенгайтирилади.

Олтинчидан, кўп квартирали уйларни бошқариш тизимига жорий этилган “Обод уй” электрон дастури такомиллаштирилади ва барқарор ишлаши таъминланади.

Еттинчидан, вилоят иссиқлик таъминоти тизими энергия ва ресурсни тежайдиган янги технология ва ускуналарни жорий қилиш орқали ривожлантирилади ва модернизация қилинади.

Қашқадарё вилоятига ташриф чоғида давлат раҳбари томонидан уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш борасида берилган топшириқларнинг амалий ижросини таъминлаш мақсадида 14 ноябр куни вазир М. Солиев раҳбарлигидаги вазирлик масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ вилоятда ўз ишини бошлади.

Comments are closed.