«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Касби тумани: 5 ТАШАББУС АМАЛДА

Умумтаълим мактабларида 5 та ташаббус асосида дарсдан кейин ҳар битта фан йўналишида ўзлаштириш ва билимларни мустаҳкамловчи машғулотлар сонини ошириш, касбга йўналтирилган ҳамда фан тўгаракларини жорий қилиш, ўқувчининг ташкиллаштирилаётган маданий тадбирларда иштирокини таъминлаш, мактаб, туман, шаҳар ва вилоят миқёсида китобхонлик танловларини тез-тез ташкил этиш, мактаб биносида турли спорт машғулоти ва тўгаракларини очиш, компьютер саводхонлиги курсларини ташкил этиш ўқувчи-ёшларнинг самарали ва мазмунли иш билан банд бўлишларига хизмат қилади. Натижада, улар мактаб даврида олаётган билим ва кўникмалари асосида, кенг тафаккурли, бирор ҳунар эгаси ва спорт усталари бўлиб етишади.

Шундай экан, фарзандларимизнинг билим масканида дунёқараши кенг, зеҳни ўткир, маданиятли, виждонли, ватанпарвар, жисмонан чиниққан, келажакда юрт равнақига ҳисса қўшадиган, дунёдаги ҳар томонлама бошқаларга ибрат бўлаётган тенгдошлари билан рақобатлаша оладиган инсон бўлиб етишишлари учун ҳам 5 та ташаббуснинг амалга оширилиши айни муддао бўлди.
Бунга яққол мисол қилиб мактабимизнинг зукко, билимдон, зеҳни ўткир 10-синф ўқувчиси Эъзоза Шодиевани айтишимиз мумкин. Эъзоза тенгдошлари орасида ажралиб турадиган, интилувчан, ўзига талабчан ва билимга чанқоқ қизларимиздан. У рус тили ва адабиёти фанидан Шаҳрисабз шаҳрида бўлиб ўтган олимпиаданинг вилоят босқичида 3-ўринни, туман босқичида 1-ўринни муваффақиятли эгаллади.

Таълим олишида унга ёрдам берган устозлари рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси, маънавий ва маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Сурайё Бекмирзаева, мактабнинг хотин-қизлар қўмитаси раиси Шаҳло Эрназароваларнинг ҳиссаси катта бўлди. Мактабимиз фахри бўлган Эъзоза ҳозирги кунда ҳам тинмай билимини ошириб бормоқда ва келгусида олий ўқув юртига кириш учун тайёрланмоқда.

— Мен ўзимни, юртимиздаги барча ёшлар қатори дунёдаги энг бахтли инсонлардан бириман, деб айта оламан. Бугун мамлакатимизда ёшларнинг ўз имкониятини эркин намоён қила олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Ана шундай имкониятлардан фойдаланган ҳолда “Зулфияхоним кизлари” кўрик-танловининг туман босқичида 1-ўринни ҳамда вилоят босқичининг иштирокчиси бўлдим, — дейди 43-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Эъзоза Шодиева.

Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимиз ёшларига берилаётган катта эътибор туфайли, йил сайин Зулфия номидаги давлат мукофотига эришиш мақсадида таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт ва жамоатчилик фаолиятида алоҳида ютуқларга эришаётган қизларнинг сафи кенгайиб бормоқда.

Содиқ ЧОРИЕВ,
Касби туманидаги 43-умумтаълим мактаби директори

Comments are closed.