«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

2 ноябрь– Журналистларга қарши жиноятлар учун жазосизликни тугатиш халқаро куни

Журналистика катта масъулият демакдир. Шу йилнинг январь ойида эълон қилинган ЮНEСКО ҳисоботига қараганда, 2019 йилда 56 нафар журналист ўлдирилган. Бу сўнгги 10 йилдаги энг паст кўрсаткич бўлишига қарамай, ОАВ вакиллари ҳамон хатар остида қолаётганидан далолат беради. 
ЮНEСКО эълон қилган ҳисоботда таъкидланишича, журналистларга нисбатан содир этилган кўплаб жиноятлар очилмай қолмоқда.
2010 йилдан 2019 йилга қадар жаҳонда 894 нафар журналист ўлдирилган. ЮНEСКО Бош директори Одри Азуле баёнот берар экан, журналистларга нисбатан зўравонликлардан ташвишга тушаётганини билдирди. Унинг сўзларига қараганда, юзага келган вазият демократия асосларига рахна солар экан. Маълумотларга қараганда, ўтган йили ер шарининг барча минтақаларида ОАВ ходимларига нисбатан жиноятлар содир этилган. 
Энг хавфли минтақа сифатида Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси кўрилади: бу ерда 22 нафар журналист ўлдирилган. Журналистларнинг кўпчилиги арабий ҳаракатлар шароитида эмас, балки тинчлик даврида ҳалок бўлаётгани аянчлидир. Матбуот вакилларига уюштирилаётган ҳужумларнинг асосий мақсади аҳолига ҳаққоний маълумот беришни ният қилган касб эгаларининг оғзини ёпишга қаратилган. Журналистларни ҳимоя қилиш Қўмитаси маълумотларига кўра, 1992 йилдан шу кунга қадар жаҳонда ОАВнинг 1 305 нафар ходими ўлдирилган. Бошқа бир маълумотга қараганда, 1990 йилдан бери 2500 нафар журналист жиноятчилар қўлида ҳалок бўлган. 
Шу давр мобайнида бедарак йўқолган журналистлар сони 59 нафарга етди. Журналистларни ҳимоя қилиш Қўмитасининг маълум қилишича, 1992 йилдан бери ўлдирилган журналистларнинг кўпчилиги сиёсий мавзуларни ёритарди, масалан, уларнинг 42% ҳарбий ҳаракатларни, 21% инсон ҳуқуқлари мавзусини, яна шунчаси коррупцияни ва 16% жиноятчилик мавзусни кўтариб чиқарди. Ҳалок бўлган журналистларнинг ярми босма ОАВ вакиллари бўлган, учдан бир қисми – тележурналистлар бўлса, 20% радиода ва 16% онлайн-нашрларда фаолият юритган. Ўлдирилган журналистлар орасида аёлларнинг борлиги ташвишли ҳолдир.
Таҳлилчиларнинг фикрича, жаҳонда сўнги 15 йилда жамоатчиликни юз бераётган воқеа-ҳодисалардан хабардор қилаётган мингдан ортиқ журналист ўлдирилган. Шунингдек, аёл журналистларга жинсий тажовуз ҳам уюштирилади. Журналистларга нисбатан уюштириладиган жиноятлардан ҳар ўнтасининг тўққизтасида айбдорлар жазодан қутилиб қолаётгани таъкидланади. Айбдорларнинг жазога тортилмаслиги қотилликлар кўпайишига, можаролар кескинлашишига ва суд тизимининг хонавайрон бўлишига олиб келади. ЮНEСКО жазодан қутилиб кетиш жамият тараққиётига жиддий хавф туғилишидан, коррупция ва жиноятчиликнинг авж олишидан хавотирга тушмоқда.
2013 йил БМТ Бош Ассамблеясининг 68- сессиясида қабул қилинган №68/163 резолюциясида 2 ноябрни Журналистларга қарши жиноятлар учун жазосизликни тугатиш Халқаро куни дея эълон қилиш таъкидланади. Резолюция аъзо мамлакатларни айбдорлар жазосиз қолишига қарши курашиш мақсадида аниқ чоралар кўришга чақиради. Мазкур резолюцияда журналист ва оммавий ахборот воситалари вакилларига қарши ҳар қандай зўравонлик акти ва ҳужумлар қораланади. 
Бундан ташқари резолюция аъзо давлатларни журналистларга ва оммавий ахборот воситалари ходимларига нисбатан зўравонликларни олдини олишга, уларга қарши жинояти содир этган шахсларни жавобгарликка тортиш ҳамда жабрдийдаларни зарур ҳуқуқий ҳимоя билан таъминлашга чақиради. Резолюция, шунингдек давлатларни журналистларни ўз фаолиятларини мустақил равишда ва ортиқча аралашувларсиз бажаришлари учун хавфсиз ва қулай шароит яратишга чақиради.

Таҳлилчиларнинг фикрича, сўнги йилларда оммавий ахборот ворситалари ходимларига нисбатан содир этилган жиноятларнинг ҳар ўнтасидан атиги биттасига ҳукм чиқарилгани ташвишли ҳолдир. Демак, тўққизда жиноят жазосиз қолган. Жазога тортилмаслик жиноятчиларнинг ўзларига ҳаддан зиёд бино қўйишларига сабаб бўлади, шунингдек жамоатчиликка, жумладан журналистларга салбий таъсир кўрсатади. Жиноятчиларнинг жазога тортилмаслиги аянчли оқибатларга сабаб бўлади. Журналистларга нисбатан содир этилган жиноят очилмаса ёки жиноятчилар жазога тортилмаса жамоатчиликнинг суд тизимга бўлган умиди сўна бошлайди. Бу ўз навбатида ҳеч қачон судга тортилмасликларига ишонч ҳосил қилган жиноятчиларнинг ҳаддан ошишига сабаб бўлади.
Нима учун айнан 2 ноябрь куни ҳалок бўлган журналистлар эсланади, деган савол туғилиши мумкин. Таҳририят топшириғига кўра Малидаги қуролли низоларни ёритаётган француз журналистлари Гислен Дюпон ва Клод Верлон жангарилар томонидан ўғирланган ва 2013 йилнинг 2 ноябрида ўлдирилган эди. Бу жиноят катта шов-шувларга сабаб бўлган, ҳамда БМТ ОАВ вакилларига нисбатан зўравонликларни танқид қилувчи ҳужжат қабул қилган эди.
Халқаро гуманитар ҳуқуқларга биноан қуролли низолар минтақаларида фаолият юритадиган журналистлар ҳимоядан фойдаланишлари ва ўзаро курашаётган томонлар вакиллари уларни ҳурмат қилиши керак.
Матбуот эркинлиги учун кураш олиб борадиган Журналистларни ҳимоя қилиш Халқаро қўмитаси 2019 йилда журналистларни ўлдирган жиноятчилар жазосиз қолаётган мамлакатлар рейтингни эълон қилди. Унда Филиппин олдинда бораётгани маълум бўлди.
ОАВдаги плюрализм, маълумот олиш ва маълумот бериш, шунингдек танқидий фикрларни билдириш демократик мулоқотларнинг асосини ташкил қилади. Журналистлар ва ОАВнинг барча ходимлари ўзларининг хизматлари билан мана шу эркинликларни ҳимоя қилишда иштирок этадилар.


Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА

Comments are closed.