«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Самарқанд вилоятида ҳам мўлжалдаги ҳосил йиғиштириб олинди

Самарқанд вилояти фермер хўжаликлари ва пахтачилик кластерлари пахта етиштириш бўйича йиллик шартнома мажбуриятини уддалади. 215 минг 500 тоннадан ортиқ пахта хирмони бунёд этилиб, унинг аксарият қисми юқори навларга қабул қилинди.
Жорий мавсумда вилоятда 75,6 минг гектар ерда ғўзанинг серҳосил, маҳаллий иқлимга мос навлари парваришланди. Соҳага янги тизим – кластер тизимининг жорий этилгани ўз самарасини берди. Бу истиқболли тизим туфайли агротехник тадбирлар сифатли ва ўз вақтида амалга оширилди.
Улкан пахта хирмони яратилишида 2120 фермер хўжалиги билан бир қаторда вилоятда фаолият кўрсатаётган тўққизта пахтачилик кластерининг улуши катта бўлди. Хусусан, «Пахтачи кластер», “Ziyovuddin Textile”, “Amina gold invest”, “Kattakurgan cluster” ва бошқа корхоналар юқори ҳосил етиштириб, пахтани ёғин-сочинли кунларга қолдирмай териб олиш чораларини кўрдилар.
Пахта йиғим-терими ишлари ҳам тўғри ташкил этилди. Бунда манфаатдорлик бош омил бўлди. Биринчи теримда ҳар килограмм пахта хомашёси учун 1000-1200 сўмдан, иккинчи теримда 1400 сўмдан ҳақ тўланди. Шунингдек, теримчилар кластерлар томонидан қўшимча рағбатлантирилди.
Вилоят хирмонида Каттақўрғон, Пахтачи, Иштихон туманларининг улуши катта бўлди. Жумладан, Пахтачи тумани пахтакорлари жорий мавсумда 24,9 минг тонна «оқ олтин» териб олишни режалаштириб, амалда қарийб 26,5 минг тонна пахта йиғиб олди. Каттақўрғон тумани пахтакорлари эса 31,8 минг тонна ўрнига 35 минг тонна пахта териб, режани 10 фоиз ортиғи билан уддалади.
Шунингдек, Иштихон, Нуробод, Нарпай туманлари пахтакорлари ҳам шартнома режасини ортиғи билан бажариб, вилоят пахта хирмони бунёд этилишида муносиб ҳисса қўшдилар.
– Бу қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар ва манфаат натижасидир. Манфаат – одамларни далага олиб чиқди, мўл ҳосил яратди. Пахтани етиштириб, йиғиб-териб олишда ҳам муҳим омил бўлди.
Пахтани етиштиришда (парвариш қилишда), йиғиб-териб олишда ҳиссасини қўшган барча-барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман – деб ёзди вилоят ҳокими Э.Турдимов ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА

Comments are closed.