«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Косон тумани: БЕМОРЛАР ДАРДИГА МАЛҲАМ ШИФОКОРЛАР

«Халқимиз ўз тарихида қандай оғир табиий офатларни кўрган бўлмасин, Қодир Оллоҳнинг марҳамати билан, ўзининг куч-қудрати, вазминлиги ва донишмандлиги орқали уларнинг барчасини енгиб ўтган. Мен ана шундай мард ва матонатли, меҳр-оқибатли халқимизнинг ақл-заковатига, унинг метин иродаси ва қатъиятига тўла ишонаман”.

Шавкат МИРЗИЁЕВ.

Ҳозирги кунда коронавируснинг янги тури (CОVID-19) келтириб чиқарадиган касаллик тобора кўпроқ глобал ташвишни кучайтирмоқда. Жуда қисқа вақт ичида инфекция касалликнинг эпицентридан — Ухан (Хитой) шаҳри орқали бутун дунёга тарқалди.
Коронавирус инфекциясининг клиник кўриниши бошқа патогенлар келтириб чиқарадиган ўткир респиратор вирусли инфекцияларга ўхшайди. Турғунлик даври 2-14 кун. Касаллик ўткир тана ҳароратининг кўтарилиши билан бошланади. Асосий симптом ринит бўлиб, у бурун тиқилиши, нафас олиш қийинлашуви, ҳансираш ва бурундан кўп миқдорда сувли ажралма келиши билан намоён бўлади. Баъзи ҳолларда пастки нафас йўлларининг коронавирус инфекцияси пневмониянинг ривожланиши билан, йўтал, нафас олиш пайтида кўкрак қафасидаги оғриқлар, нафас олиш қийинлишуви билан бирга бўлиши мумкин.

Айни кунларда бутун дунё, хусусан мамлакатимизда ҳам коронавирус пандемияси сабаб халқимиз синовли кунларни бошдан кечирмоқда. Муҳтарам юртбошимизнинг саъй-ҳаракатлари билан ташкил этилган қатъий карантин ҳамда олиб борилаётган изчил тадбирлар бу офатнинг кенг тарқалиши профилактикасида алоҳида ўрин тутаяпти.

Коронавирус пандемиясидан ҳимояланиш ва бу борада ваҳимага берилмасдан карантин қоидаларига қатъий амал қилиш саломатлигимиз муҳофазасида асосий омил ҳисобланади.
Шу боис, мамлакатимизда инфекциянинг кенг тарқалиб кетишига йўл қўймаслик ҳамда касалликни даволашга барча куч ва воситалар сафарбар қилинди.

Мазкур касалликнинг одини олиш ва тарқалишига йўл қўймаслик бўйича Косон тумант Тиббиёт бирлашмасига қарашли юқумли касалликлар шифохонасида махсус штаб ташкил этилиб, дори-дармон, ҳимоя ва диагностика воситалари билан етарли даражада таъминланди. Туман ҳокимининг кўрсатаётган ёрдами ишлаётган ҳар бир ходимга ҳамда беморларга катта далда бўлаяпти.

— Бизга кўрсатилаётган ёрдам, айниқса туманимиз ҳокимининг қўллаб-қувватлаши анча далда бўлаяпти. Инқирозга қарши фонддан 5 та сунъий нафас бериш аппарати, 20 дона оксигенатор концентиратор аппарати олиб берилди. Ҳукуматимиз томонидан эса озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотлари мунтазам таъминлаб турилибди. Ҳаммамиздан талаб этилаётган нарса, фақатгина пандемия қоидаларига риоя этиш, холос, — дейди Илҳом ака.

Ушбу шифохона 50 ўринга мўлжалланган бўлиб, жами 20 нафар тиббиёт ходимлари беморларга хизмат кўрсатишаяпти. Тиббиёт ходимларининг ҳар бири махсус кийим-кечак, дизенфекция мосламалари билан таъминланган. Ўзининг соғлигини ўйламасдан, оила-аъзоларидан бир неча кун йироқда ўзга инсонлар соғлиги учун курашаётган бу заҳматкаш, фидойи шифокорларимизга, ҳамшираларимизга ва бошқа ходимларга тасаннолар айтгинг келади. Синовли кунларда ичган қасамёдига содиқ қолиш — бу мардлик, матонат ва жасоратни талаб этади, албатта.

Президентимиз таъкидлаганидек, бугунги вазият ҳаммамиз учун бир синов даври. Ишончимиз комилки, биз бу синовни ҳамжиҳатлик билан енга оламиз. Ҳаёт ҳамиша бир маромда давом этавермайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам фақатгина аниқ мақсад, дадил қадам эртанги кунимиз манзилини белгилайди.

Ш.ИМОМОВА,
teleradio.uz сайт мухбири.

Comments are closed.