«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Илм-фаннинг асосий йўналишларини ривожлантириш муҳим ислоҳотлардан биридир

Илм-фан, бу — мамлакат тараққиёти йўналишларини белгиловчи асосий соҳалардан бири. 
Илм-фанни мунтазам ислоҳ қилиб боришнинг устувор йўналишларини белгилаш, замонавий билимга эга ва мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий инфратузилмани модернизация қилиш ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш бугунги кундаги давлатимиз томонидан амалга оширилаётган муҳим ислоҳотлардан биридир.
Маълумки, муайян ислоҳот ёхуд чора-тадбирни амалга ошириш, унинг ҳуқуқий механизмларини белгиловчи ҳуқуқий асосини ишлаб чиқишни тақозо этади. Мамлакатимизда илм-фан соҳасидаги ислоҳотларни тизимли амалга ошириш мақсадида давлатимиз томонидан шу кунга қадар 812 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасининг 31.10.2020 йиги маълумотлари таҳлили) .
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 февралдаги «Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони илмий-тадқиқот соҳасида туб бурилиш ясаган қонун ҳужжати ҳисобланиб, мазкур Фармон билан олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг икки поғонали (таянч докторантура ва докторантура) тизими жорий этилди.
Ушбу қонун ҳужжатининг мантиқий давоми сифатида ва илм-фан соҳаси алоҳида қонун билан тартибга солиш мақсадида, 2019 йил 29 октябрда Ўзбекистон Республикасининг «Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур Қонунда илмий фаолият тушунчаси мустаҳкамланиб, объектлар, ҳодиса (жараёнлар)нинг хусусиятлари, ўзига хосликлари ва қонуниятларини аниқлаш мақсадида борлиқни ўрганиш ва олинган билимларни амалиётда қўллашга йўналтирилган фаолият ҳисобланиб, фундаментал ва амалий тадқиқотлардан иборатлиги белгилаб қўйилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 31 январь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев олимлар ва ёш тадқиқотчилар, илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари ва ишлаб чиқариш сектори вакиллари билан учрашувида тегишли мутасаддиларга илм-фан соҳасини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш, унда ўрта ва узоқ истиқболга мўлжалланган илм-фан, технологик ва инновацион тараққиёт асосларини белгилаш вазифаси қўйилган эди (манба: president.uz).
Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган ушбу вазифанинг амалий ижроси сифатида жорий йилнинг 29 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.
Фармон билан Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ҳамда Концепциянинг мақсадли кўрсаткичлари ва индикаторлари тасдиқланди.
Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси илм-фан ва илмий фаолиятни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, вазифалари, ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги ривожланиш босқичларини белгилаб беради ҳамда соҳага оид мақсадли дастурлар ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун асос бўлади.
Мазкур Фармон билан ҳудудларда илмий фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, илм-фанга кенг жалб қилиш, нуфузли илмий мактабларни шакллантириш, уларнинг илмий салоҳиятини ошириш мақсадида 2021 йил 1 январдан бошлаб «Академик ҳаракатчанлик» дастури жорий қилиниши белгиланди.
Шунингдек, келгуси йилдан бошлаб Илмий даражали кадрлар тайёрлашни мувофиқлаштиришнинг ягона электрон тизими жорий қилиниши ушбу Фармонда кўзда тутилган.
Бундан ташқари, илмий ташкилотлар раҳбарлари лавозимига устувор равишда илм-фан тизимини бошқариш кўникмасига ва иқтисодий билимга эга бўлган ёш мутахассислар тайинланиши белгилаб қўйилди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, илм-фанни ривожлантириш ва мазкур соҳада етук малакали кадрларни етиштириб чиқариш, ўз навбатида давлатимизнинг келгусида янада тараққий этишига ҳамда жамият соҳаларини тубдан ўзгаришига асос бўлади.
Д.Бозорова,Тошкент давлат юридик университетипрофессори вазифасини бажарувчи,юридик фанлар номзоди

ЎзА

Comments are closed.