«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Косон тумани: ЮРТИ ТИНЧНИНГ ЭЛИ ТИНЧ

“Яна бир инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат борки, фуқароларда ҳам ислоҳотларга нисбатан дахлдорлик ҳисси шаклланиши керак. Ана шундагина кўзлаган мақсадларга эришиб, олдимизга қўйилган вазифаларнинг тўлиқ уддасидан чиқамиз. Бу жараёнда кучли ва таъсирчан жамоатчилик назоратининг ўрни беқиёсдир”.

Шавкат МИРЗИЁЕВ.


Маҳаллалар мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаол қатнашаётгани, фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини сифатида нуфузи тобора ошиб, аҳолининг энг яқин кўмакчисига айланиб бораётгани, шунингдек, маҳалла ва оилалар билан боғлиқ тезликда ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар жойида ўрганилаётганини алоҳида таъкидласак арзийди.
Косон туманидаги Мўдин МФЙ ҳудудида 1100 та хонадон мавжуд. Аҳолининг бандлигини таъминлаб, юзага келган муаммоларни жойида ҳал этиб, фуқароларнинг оғирини енгил қилаётган маҳалла раиси Юлдош Эргашов жамоаси билан ўзаро ҳамкорликда ишлашмоқда.


Маҳаллани обод қилиш мақсадида 4 та кўчада тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. 120 хўжаликни ёритиш учун янги трансформатор ўрнатилди ва ички кўчаларнинг 2 километрига тунги чироқлар қўйилди. Мачит атрофини кенгайтириш чоралари кўрилмоқда. Шу билан бирга катта йўллар ёқасида 5 миллион сўмлик сосна дарахтлари, қишлоқ қабристонида эса 1000 туп манзарали дарахтлар экилди. Ҳудуддаги 16 километр ариқлар ҳашар йўли билан тозаланди. Ҳозирги кунда маҳаллада қатновни яхши йўлга қўйиш мақсадида автобус йўналишини ташкил этиш учун зарур чоралар кўрилмоқда.


Аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликдан чиқариш мақсадида фуқароларни имтиёзли кредитлар билан таъминлаш учун “Микрокредитбанк” билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. 2020 йилда фуқароларга 22 та тавсиянома берилиб, шундан 6 нафари чорвачиликни йўлга қўйиш ва иссиқхона қуриш учун имтиёзли кредит олди. Маҳаллада асаларичилик билан шуғулланиш кенг йўлга қўйилган. Темир Сафаров, Худойберди Очилов, Дўстмурод Тошовлар асаларичиликнинг ҳадисини олган тадбиркорлардан. Ёшлар бандлигини таъминлаш учун 5 нафар фуқарога 1 гектардан ер ажратилди ва сабзавот экилиши таъминланди. Кам таъминланган, эҳтиёжманд хонадонларда бўлиб, уйларни таъмирлашга, том қисмларини шиферлашда ёрдам кўрсатилди. Пандемия даврида ушбу маҳалла аҳолиси ҳам 7 хил турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва пул маблағлари билан таъминланди.


Ўз навбатида маҳалла фуқаролари аҳил бўлиб, бир-бирларига ёрдам кўрсатиб, жамоат ишларида фаол иштирок этишмоқда. Бу ҳам маҳалладаги тинчлик-осойишталикни таъминлашга асос бўлмоқда. Албатта, бунда маҳалла мутасаддиларининг ҳиссаси катта. “Маҳалланг тинч — сен тинч” деб бежизга айтилмаган. Маҳаллада тинчлик ҳукм сурар экан, юртимизда ҳам тинчлик, фаровонлик барқарор бўлади.


Ш.ИМОМОВА,
teleradio.uz сайти мухбири.

Comments are closed.