«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Қашқадарёдаги теримчи оила 38 кун пахта териб, 41 миллион сўм даромад қилди

Қашқадарё вилоятининг Косон туманида яшовчи Жумаевлар оиласи 38 кун пахта териб, 41 миллион 80 минг сўм даромад қилди. Бу ҳақда «Дарё»га Косон туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Дилшод Набиев хабар берди.

Таъкидланишича, Косон туманининг «Гулбоғ» маҳалласида яшовчи Азамат Жумаев пахта теримида беш нафар оила аъзоси билан бирга шунча даромадга эришган.

«Бир кунда 1 миллион 200 минг сўм баъзан 1 миллион 300 минг сўмдан пул топяпмиз. Теримда ўзимдан ташқари, хотиним, икки нафар ўғлим, қизим ва келиним ҳам менга кўмаклашди», — дейди оила бошлиғи Азамат Жумаев.

Азамат Жумаев теримдан топган даромадига катта ўғли учун уй-жой қуришни, келинининг ўқиши учун контракт пулини тўлашни мақсад қилган.

«Косон тумани «Гулбоғ» маҳалласидан тўртта оила оилавий терим ишларида қатнашиб, яхши даромад топмоқда, — дейди 81-терим отрядига бириктирилган масъул Гавҳар Жумаева. — Булар Жумаев Азамат, Жумаев Фурқат, Эргашев Изатулла, Кароматов Зоҳид каби фуқароларимизнинг оила аъзоларидир».

Вилоят ҳокимлигининг қўшимча қилишича, мазкур оила даромади ҳақида эшитган вилоят ҳокими Зоир Мирзаев Жумаевлар оиласига раҳмат айтиб, меҳнаткаш оила учун ўзининг махсус совғаси борлигини маълум қилган.

Шунингдек, ҳоким мазкур оилани намуна қилиб кўрсатган Косон туман ҳокимлиги ахборот хизматига миннатдорлик билдирган.

Comments are closed.