«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Қарши шаҳри 7 кундан буён сувсиз қолмоқда. Дўконларда ичимлик сувининг литри 1000 сўмга чиқди

Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри етти кундан буён сувсиз қолмоқда. Шаҳардаги савдо дўконларида сотилаётган ичимлик сувининг литри эса 1000 сўмга чиқди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар берди.

Таъкидланишича, шаҳарда ичимлик суви 2020 йилнинг 21 октябрь куни соат 17:00 да ўчирилган бўлиб, 23 октябрь куни соат 09:00 да қайта уланиши ваъда берилган. Бироқ, шаҳарга 28 октябрда ҳам сув берилмаган.

«Бир-икки кун сувсизликка чидаш мумкин. Аммо етти кун сувсиз яшаш жудаям қийин. Боз устига кўп қаватли уйларда», — дейди шаҳарнинг 6-митти туманида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари.

«Қашқадарё сув таъминот» Қарши шаҳар бўлими бошлиғи Валишер Ҳайдаровнинг айтишича, шаҳар аҳолисининг сувсиз қолишига «1-сон комплекс лойиҳа қурилиш ва монтаж» хусусий корхонаси айбдор.

«‘1-сон комплекс лойиҳа қурилиш ва монтаж’ хусусий корхонаси шаҳарни узлуксиз ичимлик суви билан таъминлашни назарда тутувчи лойиҳани қўлга киритиб, 16,5 миллиард сўм пул олган ва 1,5 км сув қувурини таъмирлаган. Лекин қувур таъмирланганига ҳеч қанча вақт бўлмасдан, 8 та жойидан ёрилди. Оқибатда биз шаҳар аҳолисига берилаётган сувни тўхтатиб, таъмирлаш ишларини бажаришга мажбур бўлдик», — дейди Валишер Ҳайдаров.

Валишер Ҳайдаров.

Маълум бўлишича, инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Қарши шаҳри ичимлик суви тизимини реконструкция қилишга 16,5 миллиард сўм ажратилган бўлиб, мазкур маблағ эвазига шаҳарнинг Пахтазор, 4, 5, 6, 7-митти туманлари узлуксиз ичимлик суви билан таъминланиши кўзда тутилган.

«Монтаж ишлари шу йил август ойида бажарилган эди. Иш чала бўлгани боис ҳеч қанча вақт ўтмасдан яроқсиз аҳволга келди», — дейди «Қашқадарё сув таъминот» Қарши шаҳар бўлими бошлиғи Валишер Ҳайдаров.

Масъуллар шаҳар аҳолисининг сувсизликдан қийналиб қолмаслиги учун ичимлик суви ташувчи автомобилларда сув етказиб берилаётганини таъкидлашса-да, амалда бу гаплар ёлғон бўлиб чиқмоқда. Буни вилоятда фаолият юритувчи блогерлар ҳам тасдиқламоқда.

«Инсон чироқсиз амаллаб, шам ёруғида ўтириши мумкин, газ бўлмаса, ўтин ёқиши ҳам мумкин. Аммо сувсизлик, бу жуда оғир масала. Баъзида шаҳарда яшаб туриб, катта идишларда сув ташиётганларни кўрсам, ачиниб кетаман, менимча, энг биринчи навбатда энг зарур соҳаларга эътибор қаратиш керак, сув таъминоти эса айнан мана шундай оғриқли нуқтамиз. Менимча, энг аввало, мана шу оғриқни даволаш керак. Пойтахтда ситилар ярқираб турганда вилоятдагилар Африка давлатларидагидек сув ташиб юриши ҳақиқатан йиғлатадиган ҳолат», — дейди блогер Отабек Артиков.

«Шунча кун давомида ‘домъимизга сув берилмади. Сувсизликдан жуда қийналдик. Савдо дўконларида сувнинг бир литри 1000 сўмга чиқди. 5 литрлик ичимлик сувини 5000 сўмдан сотиб олдик», — дейди шаҳарнинг 6-митти туманида яшовчи аҳоли вакиллари.

Светлана Кулатова исмли фуқаро эса шаҳарнинг 6-митти туманида ичимлик суви бир неча йилдан буён муаммоли эканлигини айтмоқда.

«Мурожаат қилмаган жойим қолмади, бирортаси телефонни кўтармайди. ‘Истиқлол’ маҳалласи раиси ҳам, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раси ҳам телефонини ўчириб қўйган. Қашқадарёда қачонгача сув муаммо бўлади. Биз қайси асрда яшаяпмиз ўзи», — дейди Светлана Кулатова.

Яна бир блогер Ҳусан Комилжонов эса «Йиллар давомида Қарши шаҳридаги сув қувурларини алмаштиришга ажратилган миллиардлаб пулларнинг еб кетилиши оқибатида шаҳар аҳолиси шундай аҳволга тушиб қолди», дейди.

Мазкур айбловларга жавоб берган «1-сон комплекс лойиҳа қурилиш ва монтаж» хусусий корхонаси раҳбари Зайниддин Саломов сув қувурларини янгилаш учун уларга 16,5 миллиард эмас, 15,5 миллиард маблағ берилганини, қолаверса, сув қувури 8 та жойдан эмас, 1 та жойдан ёрилиб кетганини айтиб, «Қашқадарё сув таъминот» Қарши шаҳар бўлими бошлиғи Валишер Ҳайдаровнинг гапини рад этди.

«Бизга иккита жой ёрилган деб кўрсатишди. Биз қўйган ‘трубаълар эмас, эски ‘трубаълар ёрилган экан. Яна бир жойда муаммо бўлиб турибди. Ҳозирча муаммо аниқ нимада эканлиги номаълум. Усталаримиз Жиззах вилоятидан эди. Уларни чақиртириб, камчиликни бартараф этамиз. Ҳозирги камчилик синов давридаги ҳолат бўлиб, бундай ҳолат юзага келиши тайин эди. Шунга қарамасдан, биз камчиликларни тез орада бартараф этамиз», — дейди Зайниддин Саломов.

Зайниддин Саломовнинг маълумот беришича, қурилиш ташкилоти ишни бажаргунча айтилган маблағдан бир сўм ҳам берилмаган. Иш тугатилгач маблағнинг 30 фоизи ташкилот ҳисоб рақамига ўтказилган.

Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси вилоят ҳудудий бошқармаси масъули Лазиз Жўраевнинг аниқлик киритишича, қурилиш ташкилотига август ойида бажарган иши учун 22 октябрь куни умумий маблағнинг 30 фоизи тўлаб берилган. Қолган маблағ эса иш якунлангач берилади.

Comments are closed.