«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Қамаши тумани: МАҚСАД — МАКТАБ ТАЪЛИМИНИ ЯХШИЛАШ

Мактабларнинг асосий фаолияти ўқувчиларга таълим бериш, уларнинг илмий иқтидорини шакллантириш, билимли ёшларни етиштиришдан иборат тарзда белгиланган. Шу билан бирга, уларга таълим бериш, илмий иқтидорини камол топтириш орқали тарбиясини юксалтиришга ҳам эътибор қаратилган. Аниқроқ қилиб айтганда, мактабларда таълим-тарбия тизими фаолиятнинг асоси қилиб олинган.

Қамаши туманидаги 72-умумий ўрта таълим мактаби 653 нафар ўқувчини ўз бағрига олган. 55 нафар ўқитувчилар ўғил-қизларга таълим-тарбия бериш учун масъул. Мактаб директори Гулнора Ибрагимова катта тажрибага эга педагогларда.

Муассасанинг касбий билимга бой ўқитувчилари ёшларга таълим-тарбия берибгина қолмасдан, ўз билимларини ҳам ошириш учун тиним билмай меҳнат қилмоқдалар. Самарали меҳнати ва юксак салоҳияти билан ҳамкасблари орасида юқори натижаларга эришиб келаётган она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Латофат Рахимова “Тил миллатимиз ғурури” онлайн иншо танловида, Бахтигул Остонова, Гўзал Мардонова, Мавлуда Рахимова видеороликлари учун “Энг яхши дарс ишланмаси” танловида, информатика фанидан “Энг яхши дарс тақдимотчиси” танловида Бобомурод Рўзибоев вилоятда 2-ўринни эгаллашди.

Юқори натижаларга эришишда ўқитувчи ва ўқувчилардан бирдек масъулият талаб этилади. Ўқитувчининг билими бой бўлса, ўқувчиларнинг билим олиш даражаси шунчалар юқори бўлади. Буни кейинги йилларда мактабда эришилаёган ютуқлар мисолида айтиш мумкин.

Мактабда таҳсил олаётган зукко ўқувчилар орасида 8А–синф ўқувчиси Покиза Жуманазарова тасвирий санъат йўналиши бўйича туманда 2-ўринни эгаллади. Республика маънавият маърифий маркази томонидан кўргазма ташкил этилиб унинг 40 дан ортиқ суратлари онлайнда эълон қилинди. Туман ҳокимлиги томонидан 3 марта сертификат, 1-даражали диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Математика фанидан 5А-синф ўқувчиси Асадбек Эшмаматов, химия фанидан 11А-синф ўқувчиси Меҳриниса Сатторова, биология фанидан 9А-синф ўқувчиси Асила Маҳмаражабова республикада бўлиб ўтган онлайн олимпиадада қатнашиб юқори кўрсаткичларга эга бўлишди. Спортнинг каратэ йўналишида “Мен чемпионман” танловида қатнашиб республикада 2-ўринни эгаллаган Шодиёна Михлиева ва бошқа кўпгина ўқувчилар юқори натижалар кўрсатиб, мактаб довруғини янада оширишмоқда.
Мактабни жорий йилда 37 нафар ўқувчи тамомлаган бўлса, улардан 29 нафари олий ўқув юртларига ҳужжат топширди, 7 нафари эса талабалик бахтига муяссар бўлишди. Элдор Самадов математика йўналиши бўйича туманда 1-ўринни эгаллаб, Қарши Давлат университетининг амалий математика йўналишига ҳужжат топширди ҳамда энг юқори 185.8 балл билан биринчи ўринда ўқишга қабул қилинди.

Маълумки, пандемия даври тартиб-интизомни янада кучайтиришга, кўрилаётган чора-тадбирларга масъулият билан ёндошишга ундамоқда. 72-умумтаълим мактабида ҳам мунтазам равишда дизенфекция ишлари амалга оширилмоқда. Бунда мактаб директори Гулнора Ибрагимова ва унинг жамоаси бир танужон бўлиб ишлашмоқда.

Ш.ИМОМОВА,
teleradio.uz сайти мухбири

Comments are closed.