«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Вилоят ҳокими ҳар чоршанба куни тадбиркорларни қабул қилади

Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов маҳаллий тадбиркорлар билан мулоқот қилди.
Вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бошқармасида бўлиб ўтган учрашувда туман ва шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, кичик бизнес фаолиятига масъул бошқарма, ва ташкилотлар раҳбарлари, банк бошқарувчилари ҳам иштирок этди.
Ҳоким ва тадбиркорлар учрашувида 50 дан зиёд тадбиркорлик субъектларининг истиқболли бизнес лойиҳалари, коммунал соҳа, инфратузилма, кредит, ер ажратиш каби юзга яқин масалаларга оид мурожаат ҳамда таклифлари тингланди.
Тадбиркор Шуҳрат Жўраев ўзи таъсис этган Наманган шаҳридаги “Дўстлик” МЧЖда қурилиш маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш мақсадида кредит олиш учун бундан икки ой муқаддам “Миллий банк” филиалига мурожаат қилган. Асфальт заводига мўлжалланган 400 миллион сўм кредит маблағи ажратилавермагач, тадбиркор бу муаммони учрашувда ўртага ташлади. Вилоят ҳокимининг аралашувидан кейин кредит масаласи ижобий ҳал этиладиган бўлди. Бу масалани тезкорлик билан ечиш бўйича Марказий банк вилоят бошқармасига тегишли топшириқ берилди.
Учқўрғонлик хусусий тадбиркор Баҳодир Боқиевга давлат-ижтимоий шерикчилиги асосида болалар боғчасини қуриш учун тумандаги “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 80 сотих қуруқ ер ажратилганди. Бироқ бу лойиҳага Мактабгача таълим вазирлиги томонидан битим берилмади. Шундан сўнг ажратилган жойда кўп қаватли турар-жой биносини барпо этиш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа маъқулланиб, бунёдкорлик ишларини бошлашга рухсат берилди. Тадбиркор 162 хонадондан иборат қурилиши мўлжалланган 7 қаватли уйдан боқувчисини йўқотган тўрт оилага беғараз (бепул) тақдим этилишини айтди.
Миллий таомлари билан элимизга хизмат кўрсатиб келган Муҳаммадраҳим Муродовнинг ошхонаси 2018 йил июнь ойида кенг қамровли бунёдкорлик ишлари муносабати билан бузилганди. Жойсиз қолган тадбиркорга ўз фаолиятини қайта тиклаши учун 2019 йил апрель ойида Наманган шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилинган, аммо мазкур ҳужжат қурилиш бўлими мутасаддиларининг бепарволиги туфайли ижросиз қолиб кетди. Очиқ мулоқотда кекса тадбиркорга “Юксалиш” кичик саноат зонасидан қуруқ ер ажратиш тўғрисида кўрсатма берилди.
– Ҳафтанинг ҳар чоршанба куни тадбиркорлар билан мулоқотлар ўтказиб борамиз, – деди Шавкат Абдураззоқов. – Бундай учрашувларда кичик бизнес вакилларини ташвишга солаётган масалаларни кўриб чиқиб, ижобий ечим топишга ҳаракат қиламиз. Мулоқотларга ҳоким ўринбосарлари, тегишли соҳалар мутасаддилари пухта тайёргарлик кўриши лозим. Биз раҳбарлар тадбиркорларга ҳар томонлама кўмакчи ва таянч бўлмоғимиз керак.
Очиқ мулоқотда тадбиркорларнинг ҳар бир мурожаатига алоҳида эътибор қаратилиши, кўтарилган муаммога ечим изланиши, тадбиркорлик ривожига ҳалақит берадиган ғов ва тўсиқларни бартараф этиш чоралари кўрилиши маълум қилинди.

photo_2020-10-28_17-17-02.jpg
photo_2020-10-28_17-17-05.jpg
photo_2020-10-28_17-17-06.jpg

Манба:UzA.uz

Comments are closed.