«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Шавкат Мирзиёев 14 йил аввал канализация қудуғидаги одамларни қутқариш вақтида ҳалок бўлган ИИБ ходимини мукофотлади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ соҳа вакилларини мукофотлаш тўғрисидаги фармони билан 2006 йилда канализация қудуғида қолиб кетган ишчиларни қутқариш вақтида ҳалок бўлган Ойбек Нишонов «Жасорат» медали билан мукофотланди.

Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг экспертиза ва криминалистика бўлинмаси собиқ эксперти Ойбек Нишонов 2006 йилда содир бўлган бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этган.

Маълумотларга кўра, 2006 йил 16 май куни Сирдарё вилояти Янгиер шаҳридаги «Сувоқова» корхонасининг уч нафар ишчиси канализация станцияси насосини таъмирлаш мақсадида 6 метр чуқурликдаги қудуққа тушган ва қудуқ ичида тўпланиб қолган ўта хавфли газдан заҳарланиб вафот этган. Шунингдек, яна икки киши жабрдийдаларни қутқариш ниятида қудуққа тушишган, бироқ улар ҳам тезда ҳушидан кетган.

Ҳодиса жойига етиб келган катта лейтенант Абдумуталиб Қодирбердиев ўзининг сафдоши, вилоят ИИБ эксперт-криминалистика бўлимига бевосита бўйсунувчи 2-сонли туманлараро экспертиза ва криминалистика бўлинмаси эксперти, лейтенант Ойбек Нишонов билан қудуққа тушиб, унинг ичида беҳуш ётган икки фуқарони қутқаришга муваффақ бўлган.

Шундан сўнг улар «Сувоқова» корхонасининг ишчиларини ҳам юқорига олиб чиқишга ҳаракат қилган, бироқ қудуқ ичида йиғилиб қолган заҳарли газ оқибатида ИИБнинг иккала ходими ҳам вафот этган.

«Постда» нашрининг ёзишича, 2019 йилда ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов марҳум Абдумуталиб Қодирбердиевнинг оиласига «Мардлик» орденини топширган.

Фото: Telegram

Аввалроқ Президент фармони билан ўз хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган икки нафар ЙПХ инспектори ҳам «Жасорат» медали билан мукофотлангани тўғрисида хабар берилганди.

Манба:Daryo.uz

Comments are closed.