«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Пашшадан фил ясамайлик: таксичилик ва «яширин иқтисодиёт»…

Доно халқимизнинг «Кўп гап – оғир юк», «Ишнинг ўзини эмас, кўзини бил» нақлларида буюк бобокалонимиз Ал-Хоразмий илми асосида яратилган замонавий ахборот технологиялари назарда тутилгандек кўринади. 
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам бизнес жараёнида ушбу технологиялар асосида рақамли иқтисодиётни шакллантириш билан бирга олиб борилаётганлиги боис «яширин иқтисодиёт»га барҳам бериш учун реал имкониятлар яратилди.
Аммо бу имкониятлар рўёбга чиқиши учун қабул қилинаётган чора- тадбирлар иллатнинг асл моҳияти, сабаблари ва кўринишлари мутасадди идоралар раҳбарлари-ю масъул ходимлари, фикр-мулоҳаза юритиб ўз таклифларини билдираётган эксперт-мутахассислар, қолаверса, қонун ижодкорларимиз томонидан тўғри талқин қилинишига асосланиши керак.
Афсуски, «яширин иқтисодиёт»га қарши енг шимариб кураш бошлаганимизга қарамай, унинг сабаб-оқибатлари борасида бироз чалкашиб қолгандай кўринамиз. Молия вазирлиги муҳокамага қўйган «яширин иқтисодиёт»ни қисқартиришга қаратилган норматив ҳужжат лойиҳаси (https://regulation.gov.uz/uz/document/23047) мазмуни сўзларимизга мисол бўла олади. Қарангки, лойиҳанинг 1-бандидаёқ жисмоний шахсларга такси фаолиятини юритишга рухсат берилиши муҳим чора сифатида қайд этилган! Аслида ноқонуний таксичилик шу даражада катта муаммоми? Фикримизча, асло йўқ. Шу ўринда буюк масалчи Иван Криловнинг бир қаҳрамони эсга тушади: у ҳайвонот боғида капалакларни томоша қилиб, зўр таассуротда қолганини айтади. Лекин жонзотларнинг энг каттаси ҳақида сўрашганда «Филни кўрмадим» деб жавоб беради.
Айнан лойиҳа муаллифларини филдек муаммолар қолиб, капалакдек масалалар эътиборини тортганлиги бироз ажаблантиради. 2019 йилда Молия вазирлиги вакилининг такси хизматининг легаллашуви бюджет даромадларини 180 млрд. сўмга, мамлакат ЯИМни 0,1 %га ошириши ҳақидаги маълумотларидаги рақамлар (https://www.gazeta.uz/ru/2019/04/05/taxi/) қанчалик катта кўринмасин, «яширин иқтисодиёт» улуши 40-50%лар атрофида бўлиб, бир неча юз триллион сўм билан ўлчаниши тан олинаётганини эътиборга олсак, ноқонуний такси соҳаси ҳақиқатан «капалак»ка тенглашади! Киракашлик – «яширин иқтисодиёт»нинг кичкина кўринишларидан бири холос. 
Қизиғи шундаки, бу «яширин иқтисодиёт» турининг аслида яширин жойи ҳам йўқ — уни ҳамма билади, кўради, кўпчилик хизматларидан фойдаланади. Киракашлар орасида олдинги касби ва маълумоти бўйича ўқитувчилар, врачлар, милиционерлар, давлат хизматчилари, олийгоҳ домлалари, опера хонандалари, давлат хизматчилари бор… Бу «яширин фаолият»га мажбур қилувчи сабабни эса яширишнинг ҳожати йўқ – ишсизлик! Мақсади эса – тирикчилик… Киракашларнинг тушумидан улар харажатлари-ю яшаши учун минимум суммани айирса, қолган сумма солиқ базасини ташкил қилиши мумкин ва бу сумма киракашликка «яширин иқтисодиёт» билан курашда биринчи даражадаги муаммо сифатида қарашга арзигулик бўлмаса керак, назаримда.
«Яширин иқтисодиёт»нинг асосий ўзаро боғлиқ бўлган иккита сабаби бор: (1) номақбул солиқ тизими ва (2) назоратсизлик.
Биринчи сабабни бартараф этиш учун анча ўзгаришлар амалга оширилди. Уларни санаб ўтирмаймиз. Аммо, барибир мақбул солиқ тизими яратилгани йўқ. Молия вазирлигимиз бошчилигидаги солиқ ислоҳотчилари эркин валюта конвертацияси ва меҳнат солиқларини пасайтирибгина (яна солиқ солинмайдиган минимумни унутган ҳолда) мамлакатимизда мақбул бизнес муҳитини таъминламоқчи бўлди-ю, аммо бундан иш чиқмади. 
2019 йилда барча бизнес субъектларини 20%лик ҚҚСга (7 %лик соддалаштирилган ҚҚС, «кирувчи» солиқни ҳисобга олмаганлиги сабабли, 20%ликданда оғир эди) ўтказиш билан, бунинг устига, кредитларнинг юқори фоиз ставкалари сақланиб қолинганини ҳисобга олганда, тадбиркорлик муҳити, айниқса кичик бизнес қисмида, сезиларли даражада яхшиланмади. Натижада мамлакатимиз Президенти шахсан солиқ «икир-чикирларига» аралашишга мажбур бўлиб, ҚҚСни 20 %дан 15%га туширишга кўрсатма берди. Солиқ юки ҳақиқатан ҳам бироз енгиллашгандай бўлди, аммо солиқ ислоҳотлари ҳали якунлангани йўқ, уларни муайян тузатишларни киритган ҳолда давом эттириш лозим.
«Яширин иқтисодиёт»нинг иккинчи асосий сабаби — назоратсизлик бартараф этилгани йўқ. Аслида назорат — танганинг иккинчи томони, қонун доирасидаги назоратга тадбиркорлик эркинлигини чеклаш сифатида қарамаслик керак.
Айни пайтда ҳужжатли текширувларга мораторий амал қилмоқда. Фикримизча, «яширин иқтисодиёт» муаммосини ҳисобга олиб, ушбу мораторийни қуйидагича трансформациялаш мақсадга мувофиқ: (1) солиқ текширувлари натижасида аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан (ижтимоий хавфли ҳуқуқбузарликлар бундан мустасно) молиявий санкцияларни қўллашга 2-3 йиллик мораторий жорий этиш ва (2) шу даврда барча хўжалик субъектларида молиявий санкцияларни қўллаш ҳуқуқисиз солиқ аудитини ўтказиш.
Бинобарин, солиқ текширувлари корхоналар учун улар фаолиятига кўмаклашувчи бепул маслаҳатга айланади ва солиқ органлари томонидан солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини бажаришда ёрдам бериш, бизнес соҳасида ва умуман, жамиятимизда солиқ маданиятини ошириш бобида белгиланган вазифаларнинг бажарилишига хизмат қилади.
Ушбу таклифни ташкилий жиҳатдан таъминлаш учун солиқ органлари ходимлари сонини оптималлаштириш, зарур бўлса, кўпайтириш, ушбу органлардан юқори малакали, тажрибали ходимларнинг чиқиб кетишини тўхтатиш, солиқчилар иш ҳақини 2-3 баравар ошириш орқали улар сафига янги юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш мақсадга мувофиқдир. Шу нуқтаи назардан, кўриб чиқилаётган лойиҳадаги солиқ органлари ходимлари сонини қисқартириш таклифи «яширин иқтисодиёт»га курашиш мақсадларига ҳеч ҳам жавоб бермайди деб ҳисоблаймиз.
Текширувлар бобида яна қайд этиш керакки, (1) электрон ҳисобот, (2) электрон ҳисоб-фактуралар, (3) онлайн-касса аппаратлари, (4) «Ягона миллий меҳнат тизими»да меҳнат муносабатларини электрон рўйхатдан ўтказиш тизимлари ва рақамли иқтисодиётнинг бошқа дастаклари туфайли хўжалик субъектларининг фаолияти назорат қилувчи органлар учун шаффоф бўлиб, «текшириш керакми ёки йўқми?» деган савол маънога эга бўлмай қолди. Бу дастаклар — «яширин иқтисодиёт»га барҳам бериш учун реал имконият.
Лойиҳада «яширин иқтисодиёт»ни қисқартириш ишларини мувофиқлаштириш бўйича махсус комиссия тузилиши ва тегишли давлат идораларининг раҳбарлари ёки уларнинг ўринбосарлари (ҳудудларда эса биринчи раҳбарлар) ушбу комиссия аъзолари бўлиши назарда тутилга. Аслида бундай комиссия тузилмаганда ҳам ушбу идора ва раҳбарларнинг қонунчиликда белгиланган вазифaлари «яширин иқтисодиёт»га йўл қўймасликни назарда тутади.
Шундай экан, фикримизча, «ҳолва» деган билан оғиз ширин бўлиб қолмаганидек, номланишларида «яширин иқтисодиёт»га қарши курашиш ибораси билан комиссиялар, ташкилотлар, бўлинмалар, норматив ҳужжатлар ва ҳ.к. кўпайишига зўр бериш эмас, балки қонунчиликни, биринчи навбатда, солиқ қонунчилигини такомиллаштириб, унинг ижроси таъминланишини назорат қилиш — ягона оқилона йўлдир. Боз устига, замонавий ахборот технологиялари «яширин иқтисодиёт»га барҳам бериш имкониятини рўёбга чиқаришни анча енгиллаштиради. Буни такси керак бўлган пайтда қўл телефонимизда 2-3 ҳаволани босганимиз билан 3-4 дақиқада эшигимиз олдида «мен келдим» деб хабар юборадиган хизмат ҳам исботлаб турибди.


Фарҳод ҚУРБОНБОЕВ,Иқтисод фанлари номзоди ЎзА

Comments are closed.