«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Қашқадарёдаги чигал вазият бартараф этилгани айтилмоқда

Бугун, 21 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Enter Engineering компанияси ишчилари акс этган видеолар тарқалди. Видеода компаниянинг Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги объектларидан бирида ишчи-ходимлар томонидан норозилик уюштирилгани акс этади.

Энергетика вазирлиги ошхонадаги моноблок тизимидаги техник носозлик оқибатида ишчилар кундалик овқатланишга кира олмагани ва бу катта норозилик келтириб чиқаргани айтилганди.

Бошқа манбаларда компания 3 ойдан бери ойлик маоши бермаётгани сабабли ишчилар норозилик намойиши уюштиришгани қайд этилганди.

Тафсилотларини билиш ва келажакда шунга ўхшаш ҳодисаларнинг олдини олиш учун Энергетика вазирлиги, «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Enter Engineering Pte. Ltd» раҳбарияти воқеа жойига учиб кетишгани маълум қилинганди.

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, қурилиш майдонига Қашқадарё вилояти ҳокими, вилоят прокурори, миллий гвардия ва бошқа сектор раҳбарлари, «Enter Engineering» компанияси раҳбари, Энергетика вазирлиги ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ вакиллари етиб борган.

Норозилик билдирган ишчилар билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, ишчи-ходимлар томонидан кўтарилган барча муаммо ва масалалар жойида ҳал этилган ва тегишлилиги бўйича қарорлар қабул қилинган.

Айни вақтда вазият тўлиқ барқарорлашган бўлиб, барча масалалар ижобий ҳал этилгани ва ишчи-ходимлар ўз иш жойларига қайтаётгани айтилмоқда.

Манба:Xabar.uz

Comments are closed.