«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Тил миллатнинг борлиги, бирлиги ифодасидир

Инсон Ватан тушунчасини илк бор она тилида англайди, қалбига тинчлик ва хотиржамлик бағишловчи аллани ана шу тилда эшитади. Шунинг учун бўлса керак, тил, миллат, Ватан тушунчалари доимо ёнма-ён.

Аслида ҳам тил миллатнинг маданияти ва маънавияти, қадим тарихи ҳамда ўша миллатга хос урф-одатлар мажмуини яққол ифодалайди. Тил тирик бўлса, миллат яшайди.

Ўзбек тилининг тарихи халқимизнинг кўп асрлик кечмиши, орзу-интилишлари, дарду армонлари, ғалабалари билан чамбарчас боғлиқдир. Аждодларимиз айнан она тилимиз орқали жаҳонга ўз сўзини айтиб келган. Шу тилда буюк илмий кашфиётлар, бадиий дурдоналар яратган.

Ўзбек тилининг неча минг йиллик тарихга эга эканлигини билиш учун Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб асарларини ўқиш лозим. Ана шундагина бетакрор тилимиз энг кўҳна тиллардан бири эканига амин бўласиз. Ҳазрат Навоий эса «Тилга эътибор – элга эътибор» ибораси билан бизни она тилимиздан фахрланишга, ғурурланишга ундади, ана шу тилда «Хамса»ни битиб, уни юксакларга кўтарди. Замондош тилшуносларимиздан бири: «Навоий ижоди тилимизни ўрганиш учун чексиз уммондир», деган эди. Алишер Навоийнинг улуғ мақсади туркий тилнинг ифода имкониятларини ва унинг бадиий хусусиятларини дунёга кўрсатишдан иборат бўлган. Улуғ аждодимизнинг асарларини ўқиганимизда ўзбек тилининг илдизи қанчалик чуқур эканлиги, бу тилнинг имкониятлари нақадар кенглигини англаймиз.

Навоийдан кейин тилимизни мумтоз адабий тиллар даражасига кўтаришни Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз зиммасига олди. Шоҳ ва шоир Бобур Мирзо туркий тилнинг бой оҳанг ва товушларини тўлиқ ифода этишга имкон берадиган янги алифбо яратиш зарурлигини англаган ҳолда «Хатти Бобурий»ни яратди. Бобораҳим Машраб, Муҳаммад Ризо Огаҳий, Муқимий, Фурқат, Чўлпон, Фитрат, Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Абдулла Каҳҳор, Ойбек, Ўлмас Умарбеков, Ўткир Ҳошимов, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Рауф Парпи каби бир қатор ўзбек адабиётининг намояндалари ўз ижоди ила тилимиз ва миллатимиз мавқеини кўкларга кўтарди.

Тил – миллатнинг энг биринчи белгиси. Унинг равнақи шу халқ равнақи билан чамбарчас боғлиқ. Тил, аввало, миллий мустақиллик шаҳодатномаси. Бош қомусимизда ҳам давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди. Шу тариқа ўзбек тили қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсоллардан бирига айланди. Давлат тили ҳакидаги қонуннинг қабул килиниши эса тилимизнинг жамиятдаги мавқеини янада юксалтирди.

Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида она тилимизнинг мавқеини янада ошириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди. Фармонда давлат тилини ривожлантириш борасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, давлат тилини ривожлантириш бўйича дастур ва «Йўл хариталари»ни ишлаб чиқиш, «Ўзбек тили байрами куни»ни нишонлаш бўйича ишларни мувофиқлаштириш, илмий асосланган янги сўз ва атамаларни муомалага киритиш каби бир қанча вазифаларни амалга ошириш белгиланди. Бу ҳужжат юртимизда тилимиз ривожи, уни сақлаш ва ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқди. Ва, гувоҳи бўлиб турганимиздек, мамлакатимизда ушбу ҳужжатда кўзда тутилган вазифаларни амалга татбиқ этиш борасида сезиларли ишлар олиб бориляпти.

Маълумотларга кўра, дунёда 50 миллиондан зиёд аҳоли ўзбек тилида сўзлашади. Бу она тилимизнинг дунёдаги йирик тиллардан бири эканидан далолат.

Бугунги кунда она тилимиз сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланилиб, жаҳон минбарларида баралла янграмоқда. Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлаши эса тилимизнинг жаҳон миқёсидаги нуфузини яна бир бор мустаҳкамлади.

UzA.uz

Comments are closed.