«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

МАКТАБ — БИЛИМ ЎЧОҒИ

Азал-азалдан таълим-тарбия инсониятнинг энг яхши хусусиятлари, олижаноб мақсадлари, беқиёс маънавияти, илмий тафаккурини ўзида уйғунлаштирган ҳолда шаклланиб келган. Унда ҳар бир давр, жамият, тизимга хос белгилар, мамлакатлар, халқлар, миллатларнинг урф-одатлари, мероси, анъаналари ва бошқа жиҳатлар ҳам мужассамлашади.

Маълумки, мактабларнинг асосий фаолияти ўқувчиларга таълим бериш, уларнинг илмий иқтидорини шакллантириш, билимли ёшлар қилиб етиштиришдан иборат тарзда белгиланган. Шу билан бирга, уларга таълим бериш, илмий иқтидорини камол топтириш орқали тарбиясини юксалтиришга ҳам эътибор қаратилган. Бошқача айтганда, мактабларда таълим-тарбия тизими фаолиятнинг асоси қилиб олинган.

Бунинг исботини вилоятимизнинг Косон туманидаги 20-мактаб мисолида ҳам кўриш мумкин. Мактаб 624 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунда 476 нафар ўқувчилар таҳсил олмоқда. Ёшларга 51 нафар ўқитувчилар таълим-тарбия бериб келишмоқда. Билим масканини ўзининг юксак билими ва иқтидори билан бошқариб келаётган мактаб директори Манзура Ўсарова ўз касбининг фидойисидир.

Ўтган йили “Йил ўқитувчиси” танловида онлайн иштирок этиб юқори натижаларга эришган Феруза Аҳмедова, Озода Соибназарова, Наргиза Атақуловалар педагогик жиҳатдан юксак маҳоратга эга, энг билимдон, энг зукко ўқитувчилардан.

Бунга жавобан мактабда олаётган билимларини амалда исботлаётган ўқувчилар кўпчиликни ташкил этади. Шулардан 2019 йил фан олимпиадасида физика фанидан қатнашиб юқори кўрсаткичларга эришган Шаҳноза Мамадиёрова, она тили–адабиёти фанидан туман босқичида 1-ўринга сазовор бўлган Шабаной Норпўлатова, расмлар танловида қатнашиб 1-ўринни маҳв этган Садафой Махманабиева, “Камалак юлдузлари” кўрик-танловида қатнашиб туманда 3-ўрин соҳибаси бўлган Динара Жўраева, қўшиқ йўналишида жонли ижро этиб онлайн танловда қатнашиб юқори натижаларга эришган Азизбек Маҳмудов шулар жумласидандир. Спортнинг дзюдо-кураш йўналиши бўйича Ўзбекистон чемпиони, мактабнинг фахрига айланган Ўлмас Тоштемиров ҳам шу илм даргоҳида билим олиб келмоқда.

Пандемия даврида ушбу мактабда ҳам зарур чора-тадбирлр амалга оширилиб, ҳозирги кунда ҳам дизенфекция ишлари мунтазам равишда олиб борилмоқда. Мактабга кириб келаверишда ўқитувчи ва ўқувчиларнинг тана ҳароратлари ўлчаниб, қайд дафтарига ёзиб борилмоқда. Синфхоналарига кирсангиз ҳар бир ўқувчининг олдида антицептик воситаси, нам салфеткалар мавжуд.
Муассасада куз-қиш мавсумига ҳам тайёргарлик кўрилмоқда. Ҳокимият томонидан пул ажратилиб мактабни исистиш учун 3 та қозон қурилиб, кўмир билан таъминланди. Мактабда ўқувчиларнинг пухта билим олишлари учун барча шарт-шароит яратиш, албатта директордан катта масъулият талаб этади. Бунинг учун Манзура Ўсарова тиним билмасдан ҳаракат қилмоқда.

Мактаб кутубхонасини ранго-ранг китоблар билан бойитиш, ўқувчилар учун қизиқарли китоблар тўпламини ташкил этишда тумандаги фермерларнинг ҳам ҳиссаси катта. Ҳар бир фермер томонидан мактаб фонди учун 10-15 тадан китоб совға қилинди. Туман ҳокимлиги томонидан эса 40 тадан зиёд бадиий-адабий китоблар ўқувчиларга тақдим этилди.

Мактабнинг жорий йилда том қисми қайта таъмирланди. 2021 йилда мактаб биноси капитал таъмирланиши кўзда тутилмоқда.
Мактабнинг жонкуяр раҳбари Манзура Ўсарова ва мактаб ўқитувчилари бир тану бир жон бўлиб ўқувчиларнинг юқори билим олишлари учун тиним билмасдан ҳаракат қилишмоқда. Албатта бунинг учун ўқитувчилар ўз устларида ишлаб, билим кўникмаларини ошириб бормоқдалар.


Ш.ИМОМОВА,teleradio.uz сайти мухбири.

Comments are closed.