«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Олмалиқда кўтарилган пиёдалар ўтиш йўлаги ташкил қилинди

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида «Диққат, пиёда» тадбири доирасида ердан бироз кўтарилган пиёдалар йўлаги ташкил қилинди, дея хабар бермоқда ИИВ.

Қайд этилишича, Тошкент вилояти ҳудудида содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисалари таҳлил қилинганда ҳар 2 та ЙТҲдан биттаси пиёда иштирокида содир бўлаётгани аниқланган.

Ушбу ҳолатларни инобатга олиб, Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида янгича пиёдалар ўтиш жойи ташкил қилинди. Бундан асосий мақсад – пиёдалар йўлагига яқинлашган автомобиль тезлигини сунъий тарзда пасайтириш.

Бундан ташқари ушбу пиёдалар ўтиш жойи пиёдалар оқимини ҳисобга олиб кенгайтирилди. Бу бир вақтда бир неча пиёдани қийналмасдан ўтишига имкон беради.

Вилоят ҳудудида ўтказилаётган «Диққат, болалар» тадбири доирасида катта йўл ёқасида жойлашган ўқув муассасалари олдида ҳам ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилиб, йўл чизиқлари ва белгилари янгиланмоқда.

Шунингдек, Олмалиқ шаҳрида жойлашган мактаб олдига болаларни хавфсиз ўтишлари учун пиёдалар томонидан бошқариладиган светофор ўрнатилди.

Мактабларга бириктирилган ЙПХ ходимлари болаларга бу светофорнинг ишлаш тартибини тушунтириш баробарида, уларга йўлдан хавфсиз ўтиш кўникмаларини ўргатишмоқда.

Аввалроқ шундай пиёдалар ўтиш жойи Фарғонада ҳам ташкил этилгани ҳақида хабар берилганди.

манба: Daryo.uz

Comments are closed.