«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Қашқадарёлик фуқаро отасидан қолган ов милтиғини туман ИИБга топширди

Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида яшовчи 33 ёшли фуқаро отасидан қолган ов милтиғини туман ИИБга топширди. Бу ҳақда «Дарё»га Деҳқонобод туман ИИБ бошлиғи ўринбосари Дилшод Мирзаев маълум қилди.

Таъкидланишича, вилоят ИИБ ПБ КГ МТБ инспектори подполковник Ўрал Умиров, туман ИИБ вакили Баҳром Назаровлар туманнинг «Дуоб» МФЙ Қизилмозор қишлоғида бўлиб, аҳолига ота-боболаридан қолган ов қуролларини давлатга топшириш ҳақида тарғибот тадбирларини олиб борган.

Тарғибот тадбирлари давомида шу қишлоқда яшовчи 33 ёшли фуқаро Алишер Арзиқулов марҳум отасидан қолган 1 дона, 1 нилли, 16 колибрли, Ч 78090-рақамли, ишлаб чиқарилган санаси ноаниқ бўлган ўқотар ов қуролини ўз ихтиёри билан туман ИИБга топширган.

Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 248-моддасига мувофиқ қуролни, патронларни, ўқ-дориларни, портловчи моддаларни ва портлатиш қурилмаларини ўз ихтиёри билан топширган жисмоний ва юридик шахс қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликдан озод қилинади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг «Рўйхатга олинмаган қуролни, патронларни, ўқ-дориларни, портловчи моддаларни ва портлатиш қурилмаларини ички ишлар органларига ўз ихтиёри билан топшириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига кўра, жисмоний ёки юридик шахс ички ишлар органларига қурол ва (ёки) уларнинг ўқ-дориларини ўз ихтиёри билан топширганлиги учун пул мукофоти билан тақдирланиши, 1974 йилгача ишлаб чиқарилган фуқаровий ўқотар қурол топширган жисмоний шахс эса уни имтиёзли олиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин.

Манба:Daryo.uz

Comments are closed.