«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Қашқадарёдаги тижорат банклари прокуратура назоратига олинади. Аммо бу қонунга зид

Қашқадарё вилоят ҳокими Зойир Мирзаев фаолияти давомида муаммоларга дуч келаётган тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри ZOOM дастури орқали мулоқот қилган.

Суҳбат давомида, Қарши тумани Хонобод ҳудудидан 27 нафар тадбиркорларга иссиқхона қуриш учун туман ҳокимининг қарори билан 124 гектар ер майдони ажратилганлиги, бироқ улар кредит олиш учун тижорат банкларига зарур ҳужжатларни топширганига қарамасдан, банк ходимлари молиявий ресурс йўқлигини рўкач қилиб, тадбиркорларга ҳамон кредит ажратишни ортга суриб келаётганлиги айтилган.

Бу ҳолатнинг олдини олиш мақсадида З.Мирзаевнинг топшириғи билан вилоят прокуратураси ходимларидан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, ҳудуддаги тижорат банклари томонидан кўрсатилаётган хизматларни ўрганиш вазифаси юклатилган.

Бу ҳақидаги хабар Қашқадарё вилоят прокуратурасининг «Телеграм»даги каналига жойланган.

Иқтисодчи – блогер Отабек Бакиров ўзининг «Телеграм» каналида ушбу хабарга ўз муносабатини қолдирган. Иқтисодчининг фикрига кўра, бу банкларнинг мустақиллигига зид қарор ҳисобланади.

Дарҳақиқат, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги(янги таҳрири) қонуннинг 8-моддасига (банкларнинг мустақиллиги) кўра, банклар молиявий операцияларни амалга ошириш билан боғлиқ қарорлар қабул қилишда мустақилдир. Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига банклар фаолиятига, шу жумладан банкларнинг кредит портфелини ва активларини шакллантириш билан боғлиқ тадбиркорлик таваккалчиликларини бошқаришга, банкларнинг раҳбар ходимларини тайинлашга аралашиш, шунингдек банкнинг маблағлари ҳисобидан турли хил тўловлар ва бадаллар талаб қилиш тақиқланади.

Манба:Kun.uz

Comments are closed.