«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Трамп: «Афғонистондаги АҚШ ҳарбийлари Янги йилгача уйида бўлади»

“Афғонистондаги АҚШ ҳарбийлари Янги йилгача уйда бўлиши керак” деди АҚШ президенти Дональд Трамп чоршанба куни. 

Шу йилнинг февраль ойида АҚШ ва Толибон келишувга эришди. Унга кўра ,АҚШ 2021 йилнинг майигача Афғонистон ҳудудидан ўзининг ҳарбийларини олиб чиқиб кетиши, бунинг эвазига Толибон Афғонистонда тинчлик бўлишига кафолат бериши ва ҳукумат билан келишиши керак.

Трамп ва бошқа амалдорларнинг айтишича, АҚШ ноябрь ойида ўзининг Афғонистондаги ҳарбийлари сонини 4000 тагача камайтиради. Бу ҳаракатларнинг амалга ошиши Афғонистондаги вазиятга боғлиқ.

“Янги йилгача бизнинг Афғонистонда хизмат қилаётган жасур эркак ва аёлларимиз сони кескин тарзда қисқаради”, деб ёзди Трамп ўзининг «Твиттер» саҳифасига.

Трампнинг ушбу хабаридан бир неча соат аввал миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Роберт Обрайн Афғонистондаги ҳарбийлар сони 2021 йилнинг бошига қадар 2500 мингтага тушишини маълум қилди.

“Охир-оқибатда афғонларнинг ўзлари тинчлик бўйича келишувларни олиб боришмоқда. Тинчлик ўрнатиш секин кечадиган ва қийин бўладиган жараёндир. Лекин, биз ўйлаймизки, бу амалга оширилиши зарур бўлган ишдир. Америка ҳарбийлари уйларига қайтиши керак” дейди Обрайн Невада университетида бўлиб ўтган тадбирда.

Айни пайтда Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида Толибон ва Афғонистон ҳукумати ўртасида тинчлик бўйича музокаралар давом этмоқда. Шунга қарамай, Афғонистон ҳудудида бу икки тараф ўртасидаги ҳарбий тўқнашувлар тўхтамаяпти. Ушбу урушларда толиблар, ҳукумат аскарлари билан бирга тинч аҳоли ҳам ҳалок бўлмоқда.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ 2001 йилнинг 11 сентябридаги терактдан кейин Афғонистонга бостириб кирганди. Шундан бери бу мамлакатда АҚШнинг 2400 га яқин ҳарбийлари ҳалок бўлган ва яна бир неча минглаб аскарлар яраланган.

Манба:Aniq.uz

Comments are closed.