«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Трампни коронавирусдан даволаш қанчага тушгани ҳисоблаб чиқилди

АҚШ президенти Дональд Трампни COVID-19’дан даволаш нархи 100 минг доллардан ошиши мумкин, деб ёзади «РБК» The New York Times’га таяниб.

Фото: Getty Images

Ушбу суммага Уолтер Рид номидаги миллий ҳарбий тиббиёт марказидаги уч кунлик даволаниш, вертолётда икки марта учиш, кўп сонли коронавирусга тестлар, кислород, стероидлар ва антижисмлар аралашмасини киритиш йўли билан тажрибали даволаш курси киритилди. NYT’нинг ёзишича, харажатларнинг катта қисмини госпиталда бўлиш эмас, унинг ташқарисида кўрсатиладиган хизматлар, масалан, вертолётда парвозлар ва вирусга тест олиш ташкил қилади.

Нашрнинг эслатишича, Трамп қабул қилган «Ремдесивир» препарати билан даволаш курси хусусий суғурта компаниялари томонидан тўланганда 3120 доллар, Medicare va Medicaid каби давлат дастурлари доирасида тўланганда 2340 доллар туради. Шунингдек, FAIR Health ҳисоб-китобларига кўра, 60 дан ошган катта ёшдаги беморнинг касалхонада ётиши ўртача 61 912 долларга тушади. Вертолётда касалхонага олиб келиш тахминан 38 770 долларни ташкил қилади.

Газетанинг аниқлик киритишича, президентни даволаш харажатларини ҳукумат қоплайди. Шу билан бирга, ҳатто тиббий суғуртага эга америкаликлар ҳам COVID-19’дан даволанишда катта харажатларга дуч келади.

Эслатиб ўтамиз, Дональд Трамп ва унинг рафиқаси Меланиянинг 2 октябрь куни коронавирусга топширган тести ижобий чиққан. Сўнг у Уолтер Рид номидаги миллий ҳарбий тиббиёт марказига ётқизилган.

Дональд Трамп ўз тарафдорлари билан учрашиш учун бироз вақтга шифохонани тарк этгани хабар берилган эди. Шунингдек, у коронавирусга топширган биринчи тестининг жавоби ижобий чиққанини яширгани маълум бўлганди.

6 октябрь куни эса коронавирусга чалинган АҚШ президенти Дональд Трампга ҳарбий госпиталдан жавоб берилгани хабар қилинди.

Manba: Daryo.uz

Comments are closed.