«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Андижонда коронавирусга чалинган ҳомиладор аёллар ерда ётибди. Ҳокимлик эса 2152 та захира ўрни борлигини маълум қилди

Андижон шаҳар шифохонасининг гинекология бўлимида коронавирусга чалинган аёллар ерда ётибди. Бу ҳақда журналист Хуршид Далиев хабар берди.

Хуршид Далиев Андижон вилоятида COVID-19 билан касалланиб, ерда ётган ҳомиладор аёлларнинг суратларини эълон қилди. Журналистнинг ёзишича, суратларни COVID-19 билан касалланиб, Андижон шаҳар шифохонасининг гинекология бўлимига ётқизилган аёл жўнатган ва у ердаги шароит аянчли ҳолатда эканлигини, ҳомиладор аёллар ерда, бетон устида ётганини билдирган.

Андижонда коронавирусга чалинган ҳомиладор аёллар ерда ётибди. Ҳокимлик эса 2152 та захира ўрни борлигини маълум қилди (ФОТО)

«Gazeta.uz»нинг ёзишича, Андижон вилояти ҳокимлиги мазкур хабарга муносабат билдириб, 7 октябрь ҳолатига кўра вилоятда 2152 та махсус жиҳозланган койка-ўрин захираси мавжудлигини маълум қилган. Вилоят ҳокимлиги томонидан хабар берилишича, мазкур койка-ўринларнинг барчаси кислород концентраторлари билан жиҳозланган. Андижон вилояти ҳокимлиги, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда мутасадди ташкилотлардан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилаётгани маълум қилинган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги статистикасига кўра, 6 октябргача Андижон вилоятида 1621 киши коронавирусга чалинган, 1522 киши касалликдан тузалган.

Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов эса 6 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Самарқанд вилоятидаги коронавирус билан боғлиқ расмий статистикадан фарқ қиладиган маълумотларни тақдим этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, 5 октябрь соат 23:00 ҳолатига Самарқанд вилоятида 2160 кишида коронавирус аниқланган, 2017 нафар бемор тузалган. Касаллик оқибатида вилоятда вафот этганлар сонини ҳисобга олганда, бугунги кунда вилоятда COVID-19 билан касалланган тахминан 100 нафардан ортиқ бемор даволанмоқда.

Агентлик маълумотларига кўра, Самарқанд вилоятидаги коронавирусга чалиниб, тиббиёт муассасаларида даволанаётган беморларнинг ҳақиқий сони 1155 кишини ташкил қилади.

«Нима учун (статистикани) 10 марта камайтириш керак? Балки бу коррупция эмасдир. Биз сабабларни ўрганишимиз керак. Самарқанд вилояти мисолида айтишим мумкинки, бундай вазият барча вилоятларда мавжуд. Яъни, биз статистикани ҳам, тиббий ходимларга тўловларни ҳам, тендерларни ҳам, давлат харидларини ҳам, ва энг асосийси, (давлат хизматидаги) қариндошлик алоқаларини ҳам комплекс ўрганмоқчимиз», — дея маълум қилган агентлик директори.

Аввалроқ «Дарё» Тошкент вилоятида коронавирус беморлари расмий статистика бўйича 2-3 кунда соғаяётгани ҳақида ёзганди ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилаётган статистика ёлғон бўлиши мумкинлигини қайд этганди. Шундан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус билан касалланганларнинг вилоятлар бўйича кенгайтирилган статистикасини, касалликдан вафот этганларнинг ёши, исмларининг бош ҳарфлари, яшаш ва даволаниш жойларини беришни тўхтатди.

Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳанузгача коронавирусга чалиниб, уй шароитида даволанаётган беморлар ҳисобини юритмаяпти, шунингдек, пневмония билан касалланганларни статистикага қўшмаяпти.

Манба:Aniq.uz

Comments are closed.