«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Тираннозавр скелети рекорд нархга сотилди

Ерда 67 млн йил аввал яшаган тираннозавр скелети аукционда 31,8 млн долларга сотилди. Таъкидланишича, бу қиймат ушбу турдаги аукцион савдолари учун янги жаҳон рекорди ҳисобланади.

Динозавр скелети Christie’s аукцион уйи орқали сотилган. 

“Christie’s’да янги жаҳон рекорди ўрнатилди. Стэн лақабли тираннозавр 31 млн 847 минг 500 долларга сотилди”, деб маълум қилинган аукцион уйида. Эътиборлиси, ушбу лот учун 6-8 млн доллар қўлга киритиш кутилган эди.

Хабарда маълум қилинишича, сотилган скелет тираннозаврларнинг энг тўлиқ ва яхши сақланиб қолган скелетларидан бири бўлиб, унда 188 та суяк бор. У 1987 йилда Жанубий Дакота штатидаги қазилма ишлари давомида ҳаваскор палеонтолог Стэн Сэкрисон томонидан топилган. Дастлаб скелет ўтхўр трицератопс динозаврига тегишли деб тахмин қилинган ва 1992 йилдагина олимлар топилма тираннозавр скелети экани ҳақидаги хулосага келишган.

Экспертларнинг баҳолашича, топилган тираннозавр 7-8 тонна келган. Бу эса Африка фили вазнидан деярли 2 марта оғирроқни ташкил қилади. Ундаги тишлар узунлиги 27 смга етган.

Бунгача 1997 йилда ўрнатилган рекорд сақланиб келинаётганди. Ўшанда тираннозавр скелети Чикагодаги Филд табиат музейига аукционда 8,36 млн долларга сотилганди.

Манба:Kun.uz

Comments are closed.