«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Европа ва Марказий Осиёда икки давлат иқтисодиёти ижобий ўсиши мумкин. Улардан бири — Ўзбекистон

Ўзбекистон иқтисодий ўсишни намойиш этадиган Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги икки давлатдан бири бўлиши мумкин. Бу аҳолининг карантин қоидаларига қатъий риоя қилишига ҳам боғлиқ.

Жаҳон банки минтақавий иқтисодий таҳлилининг 7 октябрь куни эълон қилган нашрида билдирилишича, иқтисодиётда давлат улушини камайтириб, рақобатбардош хусусий сектор етовидаги бозорга муваффақиятли ўтиш — Ўзбекистон олдидаги энг катта синов.

«COVID-19 ва инсон капитали» номли таҳлилномада таъкидланишича, давлат етовида бўлган эски иқтисодий модель гарчи юқори ўсиш кўрсаткичига туртки бўлса ҳам,  (2000-2019 йилларда ўртача 6,7 фоиз ўсиш) бу етарли иш ўрни яратиш, меҳнат унумдорлиги ва хусусий сектори ривожланишига ижобий таъсир кўрсатмади. Жаҳон банки маълумотига кўра, мамлакат аҳолисининг 9,5 фоизи ҳануз ўртачадан қуйироқ даромадга (кунига ўртача 3,2 доллар) эга қашшоқликда яшамоқда. 

«Иқтисодий-ижтимоий муаммоларни ҳал этиш учун мамлакатда кенг кўламли ислоҳотлар бошланган. 2017 йилдан буён, хорижий валютани айирбошлашдаги назорат олиб ташланди, нархлар эркинлаштирилмоқда, бизнес юритиш ва экспорт учун қийин шарт-шароитлар бартараф этилмоқда. Эндиги мақсад — банк сектори ҳамда давлат улушига эга корхоналарни ислоҳ этиш, агро иқтисодиёт ва бозор омилини ривожлантириш», — дейилади  таҳлилномада. 

Жаҳон банкининг маълумотига кўра, COVID-19 пандемияси Совет Иттифоқи парчаланишидан сўнг тикланган Ўзбекистон иқтисодиёти дуч келган энг оғир инқироз бўлди. Бу ҳолат мамлакат ялпи маҳсулотининг ўсишига салбий таъсир кўрсатди ва фуқароларнинг бандлиги, фаровонлиги ва даромадларининг пасайишига олиб келди. 

«2020 йилнинг биринчи ярмида ЯИМ ўсиши деярли нолга тенг бўлди, 2019 йилнинг биринчи ярмида эса бу кўрсаткич 5,8 фоизни ташкил этганди. Шу даврда асосий капиталга инвестициялар 12,8 фоизга камайди. Ишсизлик даражаси 2020 йилнинг биринчи чорагида 9,4 фоиздан иккинчи чоракда 15 фоизгача кескин кўтарилди», — дейилади Жаҳон банки тарқатган ахборотда. 

Шунга қарамай, Ўзбекистон 2020 йилда иқтисодий ўсишни намойиш этадиган Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги икки давлатдан бири (Тожикистон билан) бўлиши мумкин. Жаҳон банки мутахассисларининг фикрича, олтин ишлаб чиқаришнинг кўпайиши ва қишлоқ хўжалигидаги ўсиш саноат ва хизматлар соҳасидаги кескин пасайишни бартараф этишга ёрдам берди. Биринчи ярим йилликда пул ўтказмалари 19 фоизга камайганига қарамай, ижтимоий трансфертларнинг 17 фоизга кўпайиши ва 2020 йил февралидан энг кам иш ҳақининг 10 фоизга ўсиши хусусий истеъмолни сақлаб қолишга ёрдам берди. 

Бозор ислоҳотлари иқтисодиётда ресурслардан янада самарали фойдаланиш ва хусусий секторни ривожлантириш учун рағбатлантиришни кучайтиргани сабабли Ўзбекистон иқтисодиёти бўйича прогнозлар ижобий бўлиб қолмоқда. 2020 йил учинчи чорагида карантиннинг бекор қилиниши, қишлоқ хўжалигида барқарор ишлаб чиқариш ва пул ўтказмаларининг қисман тикланиши 2020 йилнинг иккинчи ярмида биринчи ярим йилга нисбатан кучлироқ иқтисодий фаолликка олиб келиш кутилмоқда.

ЯИМнинг йиллик ўсиши бу йил 0,4 фоиздан 0,8 фоизгача, бўлиши кутилмоқда. Бу 2019 йилги кўрсаткич – 5,6 фоизга нисбатан сезиларли даражада паст. Мамлакат бўйлаб карантин қайта киритилмаса, 2021 йилда Ўзбекистон ЯИМ ўсиши 4,8 фоиздан 5 фоизгача бўлиши прогноз қилинмоқда. Албатта, мамлакатнинг иқтисодий ўсиши аҳолининг карантин карантин қоидаларига қатъий риоя қилишига боғлиқ. 

Жаҳон банки Ўзбекистон ташқи қарзи янада ўсиб боришини кутмоқда. Унга кўра, 2020 йилда ва кейинги ўрта муддатли истиқболда дефицит асосан ташқи қарзларни кўпайтириш ҳисобига молиялаштирилади. 2020 йилда ташқи давлат қарзи ЯИМнинг 34,7 фоизигача кўтарилиши мумкин. Гарчи у 2017 йилдан бери ЯИМга нисбатан фоизда кўпайган бўлсада, ўрта муддатли истиқболда барқарорлашиши кутилмоқда.

Манба:Kun.uz

Comments are closed.