«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Ҳокимликлар томонидан қарорлар қабул қилиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилади

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш режалаштирилмоқда.

Фото: Александр Коряков / Коммерсантъ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги, 198-4-модда билан тўлдирилиши мўлжалланмоқда.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан қарорлар қабул қилиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади. 

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликларининг мансабдор шахслари томонидан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон – E-qaror тизими орқали қабул қилинмаган қарорларни амалга киритиш базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликларининг мансабдор шахслари томонидан ҳудудий адлия органларидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмаган ва E-qaror тизими орқали қабул қилинмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини амалга киритиш базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Manba: Kun.uz

Comments are closed.