«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Шофиркон ҳокими туман «қониқарсиз» баҳолангани учун халқдан узр сўради. Бу пайтда эса айрим масъуллар ухлаётганди

Бухоро вилоятининг Шофиркон тумани ҳокими Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдаги сессиясида ҳудуд «қониқарсиз» деб баҳолангани учун халқдан узр сўради, дея хабар берди «Дарё» мухбири.

Фото: «Дарё»

Маълум бўлишича, Шофиркон туманида саноат маҳсулотлари ҳажми 2019 йилда 340 миллиард 753 миллион сўм бўлиб, аҳоли жон бошига 1 миллион 941 минг сўм тўғри келган. Бу кўрсаткич вилоят саноатида бор-йўғи 0,6 фоизни ташкил қилган.

Туманга 2020 йилнинг февраль ойида раҳбарлик қилишни бошлаган Шукрулла Ҳакимовнинг изоҳ беришича, у бу кўрсаткичлар меники эмас, деб турмасдан муаммоларни тўғрилашга ҳаракат қилган. Бироқ шунга қарамай, туманда тадбиркорлик ривожланмай, «қизил» ҳудуд деб баҳоланган.

Туман ҳокимига кўра, электр энергиядаги узилишлар, табиий газ босимининг пастлиги сабаб ўз ишини йўлга қўйиб ривожланган қатор тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини тумандан олиб чиқиб кетишга мажбур бўлган. Шунингдек, захираси 5539 метр куб «Жилвон» қум-шағал конидан фақат қазиб олишда фойдаланилган, қайта ишлаш йўлга қўйилмаган. Туман географик жойлашув жиҳатидан чўл ҳудудида жойлашган бўлишига қарамасдан, боғдорчилик, чорвачилик, сабзавотчилик кластерлари йирик иссиқхона хўжаликлари ташкил этилмаган.

Фото: «Дарё»

Шунингдек, туман пахта ва ғаллага ихтисослашган туман бўлса-да, пахтани қайта ишлаш имконияти йўқлиги сабаб етиштириладиган пахта маҳсулотлари бошқа туманларда қайта ишланган.

«Тўғриси, ҳозир мен учун жуда оғир. Бунга эса ўзимиз сабабчимиз ва ўзимиз жойига қўямиз. Бошқа йўлдан бориб бўлмайди. Қайсидир соҳада кўрсаткичларни юқорига олиб чиқишга ҳаракат қилдик. Қайсидир жойда эътиборсиз бўлдик. Туман ҳокими ҳамда биринчи сектор раҳбари сифатида 2019 йилда қўйилган камчиликлардан хулоса чиқарган ҳолда барча раҳбарлар муҳтарам Президентимиздан, халқимиздан, тадбиркорларимиздан узр сўраймиз. Бизга имкон берилса, тўрт сектор раҳбарлари биргаликда 2020 йил якунига қадар туманни ‘ўрта’ ҳудудга, 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида эса ‘яхши’ ҳудудга олиб чиқишга ваъда берамиз», — деди Шукрулла Ҳакимов.

Фото: «Дарё»

Қайд этилишича, Шофирконда аҳоли сони 177 400 киши бўлиб, хонадонлар 32 290 тани ташкил этади. Республикадан ташқаридаги аҳолиси сони эса 4900 нафар. Ишсизлар сони 7700 нафар бўлиб, шундан ишсиз ёшлар сони 2100 нафарни ташкил қилади.

Шукрулла Ҳакимов «Дарё» мухбирининг ишсиз ёшлар муаммоси қай даражада ҳал этилмоқда, деган саволига «Режамиздаги лойиҳалар ишга тушса, камида 2 100 та янги иш ўрни яратилади, бу туман экспорт режасининг 6 миллион доллардан ортиқ қисмини қоплайди ва бюджетга 6,0 миллиард сўмга яқин тушум бўлади. Бир йил десам нотўғри бўлар, аммо икки-уч йилда туманимиз ёшларини эплаб оламиз», дея жавоб берди.

Ҳокимнинг қўшимча қилишича, икки нафар ўринбосари ишига нолойиқ бўлгани учун лавозимини тарк этган.

«Шахсан ўзим бир кунда камида 9-10 километр пиёда юраман. Чунки аҳолининг ичига кирмасам, муаммони билмайман. Афсуски, ҳамма кадрлар ҳам бирдек эмас. Инвестиция бўйича ўринбосарим ишини уддалай олмагани учун ариза ёзиб, ишдан бўшади. Қурилиш бўйича ўринбосарим билан эса кутилмаган воқеа юз берди. Туманимиздаги бозорда янги иншоот қурила бошлангач, суриштириб кўрдик. Ҳоким қарорига кўра, қурилаётган эмиш. Аммо ҳужжатлар кўтарилгач, бозор қўмитасига қандайдир ҳужжат тўғрилаб берилгани аниқ бўлди. Ҳозирда қурилиш бўйича ўринбосарликка лойиқ номзод изланяпти», — деди туман ҳокими.

Фото: «Дарё»

Ёш ҳоким жон куйдириб гапираётган пайтда эса туманнинг айрим масъуллари уйқуни афзал билишди.

Manba: Daryo.uz

Comments are closed.