«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Тошкентда ҳарбий тавсияномаси бўла туриб, лекин имтиёз қўлланилмаган абитуриентлар ДТМ биноси олдига тўпланди (видео)

Тошкент шаҳридаги Давлат тест маркази биносига бир қанча абитуриентлар 5 октябрь куни тўпланди. Улар Ўзбекистон Президентининг 2012 йил 31 майдаги 1765-сонли фармонида назарда тутилганидек, тест синовлари натижаларини ҳисоблашда абитуриентларга ҳарбий хизмат якунлари бўйича берилган тавсиялар инобатга олинмаганидан норозилик билдирган. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Факт 24» дастурида маълум қилинди.

Кадр: «Ўзбекистон 24» телеканали

Ушбу вазиятда катта эҳтимол билан ҳарбий хизмат гувоҳномасидаги рақамларнинг нотўғрилиги, яъни гувоҳнома рақами 0 (ноль) билан бошланганлиги муаммо туғдирган.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев Telegram каналида ёзишича, бунда абитуриентлар онлайн рўйхатдан ўтишда тавсияномаларини базага киритган. Аммо ДТМ базаси шундай қилинганки, агар паспорт, диплом ёки тавсиянома рақами ноль билан бошланса, ўша бошидаги ноль тушиб қолади. Имтиёзи ҳисобланмаган барча абитуриентларники ноль билан бошланади.

Тахминан, ДТМ вазирликларга тасдиқлаш учун рўйхат юборганда ўша нолсиз юборган. Вазирликлар эса бунақа рақамли тавсиянома берилмаган, деб қайтарган.

Абитуриент Беҳзод Аҳмаджоновнинг сўзларига кўра, у хизмат қилган ҳарбий қисмнинг рақамини (0395) МТМ маълумотлар базасига киритишда дастлабки ноль тушиб қолдирилган, шу сабабли унга берилган тавсиянома ҳисобга олинмаган.

ДТМ расмийлари бу вазиятга марказнинг алоқаси йўқлигини айтмоқда.

«Рўйхатдан ўтган ҳамма абитуриентларни тасдиқлаш учун тегишли вазирлик идораларига берганмиз. Вазирликларда кимнинг имтиёзи бўлса, ўша абитуриентга имтиёз қўлланилган. Агар абитуриентга имтиёз берилгани ҳақида маълумот келмаган бўлса, уларга имтиёз қўлланилмаган.

Имтиёзи йўқ деб белгиланган абитуриентга имтиёз қўллашга ДТМнинг ҳаққи йўқ. Бу ерга келиб тест марказининг ваколати йўқ нарсани сўраяпсизлар», – дейди ДТМ бошқарма бошлиғи Барно Ражабов.

Расмийнинг таъкидлашича, бу масала қачон ҳал бўлиши аниқ эмас. У абитуриентларга эса фақат кутишни маслаҳат берган.

Аввалроқ Ўзбекистон ОТМларига кириш имтиҳонларида 189 балл тўплаб, контрактга кирган абитуриентларнинг натижалари қайта ҳисобланиб, улар бюджетга киргани ҳақида хабар берилганди.

Manba: Daryo.uz

Comments are closed.