«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Нишон ҳокими матбуот котибига фаолиятида фойдаланиш учун иш қуроллари олиб беришга ваъда берди

Қашқадарё вилоятининг Нишон тумани ҳокими Мухтор Ҳайитмуродов матбуот котибига фаолиятида фойдаланиш учун иш қуроллари олиб берилмаганини, шу боис ҳам ҳокимлик фаолияти ёритилиши қониқарсиз эканлигини тан олди. Бу ҳақда Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдаги сессиясида маълум қилинди дея хабар берди «Дарё» мухбири.

Мухтор Ҳайитмуродов.

Фото: «Дарё»

Маълум бўлишича, Нишон тумани республикада 33 та «қизил» туманнинг бири сифатида қайд этилгани учун 2020 йил 5 октябрь куни Халқ депутатларининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтган. Унда туман ҳокими йўл қўйилган камчиликлар учун узр сўраб, кўплаб ваъдалар берган.

Ҳоким журналист ва блогерлар билан мулоқотда эса блогер Намоз Чориевнинг саволига жавобан матбуот котибига шарт-шароит яратиб бермаганини тан олган ва ўн-ўн беш кунда ахборот хизмати фаолияти учун зарур бўлган барча иш қуролларини олиб беришга ваъда берган.

«Деҳқонобод, Косон ва Яккабоғ туманлари, шунингдек, Шаҳрисабз шаҳар ҳокимликларининг ахборот хизматига ҳавас қиламан. Ҳоким қаерга борса, бироз ўтиб Telegram каналлар ва ОАВда ёритилади. Бизда эса мен кунига 20-30 нафар тадбиркор билан гаплашсам ҳам ёритилмайди. Чунки ахборот хизматимизда етарли даражада имконият йўқ, шароит яратилмаган. Бунда бизнинг айбимиз бор, қунт қилмаганмиз», — деди Мухтор Ҳайитмуродов.

Ҳоким ОАВ вакиллари билан суҳбат чоғида ҳокимлик ахборот хизмати фаолиятини яхшилаш мақсадида ўн беш кун муддат ичида барча керакли иш қуролларини олиб беришга ваъда берди.

Намоз Чориев.

Фото: «Дарё»

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 2019 йил 27 июндаги «Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари бир вақтнинг ўзида ҳокимнинг матбуот котиби ҳисобланиб, ахборот сиёсати масалалари бўйича раҳбарнинг маслаҳатчиси мақомига эга ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартларига кўра ҳоким ўринбосарига тенглаштирилган.

Қашқадарёда фақатгина Деҳқонобод тумани ҳокимлиги ахборот хизматига хизмат автомобили берилган.

Manba: Daryo.uz

Comments are closed.