«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Наманганда вилоят ҳокими ўзини ёқиб юборган аёл хонадонини йўқлади

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззақов МИБ ходимлари ҳаракатига норозилик сифатида ўзига ўт қўйиб, вафот этган аёл хонадонини йўқлади. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.

Фото: «Дарё»

Шавкатжон Абдураззақов Наманган шаҳридаги «Истиқбол» маҳалласида бўлиб, марҳума Гуландом Дадабоеванинг яқинларига таъзия билдирди. Унинг 15 ва 12 яшар ўғиллари муносиб шароитларда вояга етишларида ҳар томонлама кўмак берилишини таъкидлади.

— Мазкур ҳолат бўйича ҳозирда прокуратура идоралари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Уларнинг натижаси бўйича вазиятга қонуний, ҳуқуқий баҳо берилади ва бу ҳақда, албатта, жамоатчиликка маълум қилинади, — деди вилоят ҳокими.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 29 сентябрь куни Наманган шаҳрида истиқомат қилган 35 ёшли Гуландом Дадабоева ижро ҳаракатлари давомида ўзининг устига бензин қуйиб, ёқиб юборганди.

Аёл 30 сентябрь куни танасининг 80 фоиздан ортиқ куйиш тан жароҳати оқибатида Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Наманган филиалида вафот этган.

Ушбу ҳолат юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 103-моддаси 1-қисми (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ўзини ёқиб юборган аёлнинг онасига ижро ҳаракатларини бажаришини сўраб 30 дан ортиқ марта мурожаат қилингани, унинг ўзига 13 минг долларни ундириб беришни эса ҳозирча имкони бўлмагани маълум қилинганди.

Manba: Daryo.uz

Comments are closed.