«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Касби ҳокими Тўхтамурод Мейлиев туманнинг 197 минг аҳолисидан узр сўради

Қашқадарё вилоятининг Касби тумани ҳокими Тўхтамурод Мейлиев туман 13 та кўрсаткич бўйича бошқа ҳудудларга нисбатан паст натижани кўрсатиб, «қизил» ҳудудга тушиб қолгани учун туманда яшовчи 197 минг аҳолидан узр сўради. 

2020 йил 24 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтганди. Унда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизими жорий этилгани, шунга кўра биринчи марта туман ва шаҳарлардаги иқтисодий кўрсаткичлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш муҳити, инфратузилма ва мавжуд ресурслардан фойдаланиш даражаси ўрганилганди. Таҳлиллар асосида улардаги тадбиркорлик ривожи ҳолати «яхши», «ўрта» ва «қониқарсиз» ҳудудларга ажратилган. Хусусан, 48 та туман ва шаҳардаги ҳолат «яхши», 119 тасида «ўрта» ҳамда 33 тасида «қониқарсиз» деб топилган.

Мазкур йиғилишда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқиш ҳажми, экспорт кўрсаткичлари бўйича Касби туманидаги аҳвол қониқарсизлиги танқид қилинганди.

Сессияда сўз олган туман ҳокими Тўхтамурод Мейлиев 2021 йил 1 январга қадар туманда кўплаб ишларни амалга ошириб, туманни «қониқарсиз» ҳудуддан, «ўрта» ҳудудга олиб чиқишга ваъда берди.

Ҳокимнинг таъкидлашича, «Indorama agro» МЧЖ томонидан 2020 йилда 61 минг тонна 200 миллиард сўмдан ортиқ пахта хом ашёси қайта ишланиб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Тумандаги «Месит» МФЙ ҳудудида «Касби текстиль ҳаёт» МЧЖ ташкил этилган. Корхона томонидан 3,5 миллиард сўм инвестиция эвазига, йилига 1,5 миллион донадан ортиқ тайёр кийим-кечак ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади. Лойиҳа бўйича икки сменали иш ташкил этилиб, бир сменада 150 нафар доимий иш ўрини яратилади. Йиллик қуввати 50 миллиард сўмдан ортиқ бўлган мазкур лойиҳа орқали 1 миллион долларлик саноат маҳсулотлари экспорти амалга оширилади. Лойиҳа ноябрь ойида ишга туширилади.

«Mega Denta med» хусусий корхонаси томонидан қадоқланган исириқ ишлаб чиқариш лойиҳаси, Шакаржўй дон қабул қилиш маскани ҳудудида кунига 50 тонна ун маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган лойиҳа қиймати 1,7 миллиард сўм бўлган «Касби тегирмон» МЧЖ фаолияти йўлга қўйилади. «Kasbi silk» МЧЖда лойиҳа қиймати 350 минг доллар бўлган пиллани қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилиб, 40 та доимий, 120 та мавсумий иш ўрни яратилади.

Туман ҳокими Тўхтамурод Мейлиев «Дарё» мухбирининг «белгилаб олинган режалар қайсидир сабабларга кўра бажарилмай қолса ёки кўзланган натижага эришилмаса ҳоким бошчилигидаги сектор раҳбарлари истеъфо беришга тайёрми?» деган саволига «ваъда қилинаётган ишлар, албатта, бажарилади ва туман ‘қониқарсиз’ ҳудуддан ‘ўрта’ ҳудудга, ундан сўнг эса ‘яхши’га ўтади. «Шунда мазкур саволга жавоб беришимга ҳожат ҳам қолмайди», — деди ҳоким.

Манба:Daryo.uz

Comments are closed.