Қўқон давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида ташкил этилган Экотуризм парки парранда ва даррандалар, бошқа қитъалардан келтирилган жониворлар билан тўлдирилмоқда.
Мамлакатимизда экотуризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини тўла-тўкис амалга оширишда муҳим ўрин тутмоқда.
Хусусан, Қўқон давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида ташкил этилган Экотуризм паркида ҳам ташриф буюрувчилар ноёб ҳайвонот ва ўсимлик дунёси билан танишади, мафтункор табиатдан завқ олади.
Мўъжазгина парк Ботаника боғига туташ бўлиб, остонада баландлиги 15, эни эса 40 метрга тенг шаршара сизни қаршилайди.
Сайхонликда бир жуфт кийик эътиборингизни тортади. Парк парранда ва даррандалар, бошқа қитъалардан келтирилган жониворлар билан тўлдирилмоқда. Туялар вазмин одимлайди, туяқушлар қанот қоқади. Ветеринар ва боғ қаровчилари улар парвариши билан банд.



Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА