«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Шерзод Қосимов Суперлиганинг 4 та ўйинидан четлатилганини мутлақо ёлғон деб атади. ЎФА ҳакамлар департаменти эса унинг четлатилганини тасдиқлади

ФИФА тоифасидаги ҳакам Шерзод Қосимовнинг Суперлига 11-тури доирасида кечган «Сўғдиёна» — «Бунёдкор» учрашуви (3:3) натижасига таъсир кўрсатадиган баҳсли қарорлари сабаб ўйинлардан четлатилгани ҳақида «Дарё» 7 сентябрь, душанба куни хабар берган эди.

Фото: ЎФА

«Дарё» манбаси ЎФА Ҳакамлар ва назоратчилар бошқармаси Қосимовни Суперлиганинг тўртта учрашувидан четлатиш қарорини қабул қилгани ва ўйин учун оладиган гонорарининг 75 фоизини ушлаб қолгани ҳақида маълум қилганди.

8 сентябрь, сешанба куни ҳакам Шерзод Қосимовнинг ўзи «Championat.asia» сайтига хабар бериб, четлатилгани ҳақида хабарни мутлақо ёлғон деб атади.

«Суперлиганинг тўртта ўйинидан четлатилганим ҳақидаги хабар мутлақо ёлғон. Ҳеч ким мени четлатгани йўқ. Про-Лигада нима учун ишладим? Бугун-эрта Қатарга учиб кетаман ва Осиё Чемпионлар Лигаси баҳсларида ишлайман. Ушбу мусобақага тайёргарлик кўриш учун Про-Лигада ишладим. Ёлғон хабар тарқатганларга худо инсоф берсин», — дейди Қосимов.

Нашр вазиятга ойдинлик киритиш ЎФА ҳакамлар департаменти раҳбари Арслон Хотамовга мурожаат қилган.

«Шерзод Қосимов Суперлиганинг тўртта ўйинига четлатилган. Бироқ бу четлатиш Осиё Чемпионлар Лигасидаги унинг иштирокига ҳеч қандай таъсир ўтказмайди», — дея жавоб берган Арслон Хотамов.

Manba:Daryo.uz

Comments are closed.