«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

ФАРЗАНДЛАРИМИЗНИ ЧЕТ ТИЛЛАРИНИ ЎҚИТИШГА АСОСИЙ ЭЪТИБОРНИ КУЧАЙТИРИШИМИЗ ЛОЗИМ

Навқирон авлодни жисмонан соғлом, интеллектуал ривожланган, мустақил фикрлайдиган, қатъий ҳаётий позицияга эга, Ватанга содиқ қилиб тарбиялаш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш 2017- 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида муҳим вазифалар сифатида белгиланган. Бинобарин, ҳар бир давлат ва жамият равнақи ёш авлоднинг камолоти, интилиши, шижоати билан узвий боғлиқ.

Шу маънода, юртимизда давлат бюджетидан ижтимоий соҳага, жумладан, таълим тизими ислоҳотларига йўналтирилаётган сармоялар мунтазам ошиб бораётгани, таълим соҳасидаги қонунлар ва давлат дастурлари доирасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциялашувини таъминлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашдек долзарб вазифалар муваффақиятли бажарилаётгани алоҳида эътирофга моликдир.

Жаҳон тилшунослигида таълимнинг ҳар бир босқичида шахсиятнинг шаклланиб бориши тараққиёт тамойилларини ўрганиш, ҳаётий заруратлар билан боғлиқ илмий тадқиқотлар, миллий-маънавий қадриятларни асраш ва келажак авлодга етказиш, ижобий бизнес муҳитини яратиш, иқтисодий ва дипломатик ҳамкорлик учун коммуникацияни ўрнатиш воситаси сифатида чет тили беқиёс аҳамиятга эга. Бу борада ЮНЕСКО, Европа Кенгаши, Таълим ва Маданият бўйича Европа Комиссияси томонидан турли ташкилотлар, қўмиталар, ассоциациялар, илмий-текшириш институтлари ташкил этилиб, «CEFR»(«Common European Framework of References» – Умумевропа Даражаларга Тавсиялар. Тилларни Ўрганиш, Ўқитиш ва Баҳолаш) тавсиялари ёрдамида таълимнинг ҳар бир босқичида тилни ўзлаштириш жараёнига замонавий ёндашувлар, унинг самарадорлигини такомиллаштириб бориш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда .

Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш буйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан яхшилаш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама ривожлантиришни таъминлаш, барча соҳаларни модернизация ва либерализация қилиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш назарда тутилган стратегияда тил кўникмалари асосий ролни ўтайди.

Ҳаракатлар стратегиясининг тўртинчи йўналишига мос равишда амалга оширилган мазкур тадқиқотда ижтимоий структурани ривожлантиришда таълим вафанни ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш, чет тилларини чуқур ўзлаштириш, кўзланган мақсадга эришиш борасида янги инновацион методлардан фойдаланиш ва ишлаб чиқиш, тилларнинг фанларга интеграллаштирилган ҳолда ўрганилишига алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-1875-сонли қарори чет тилларини ўзлаштиришнинг тубдан янги йўналишларини белгилаб берди.

Унга кўра: — чет тилларни ўрганишнинг мавжуд тизимини ўзгартириш; ҳар бир босқич учун халқаро стандартларга мувофиқ ўқув-услубий мажмуалар (УУМ) яратиш; — баҳолашнинг миллий тизимини халқаро талабларга тенглаштириш, таълим тизимини мунтазам такомиллаштириб бориш вазифалари ва шу кабилар.

 Ўзбекистон Республикасининг «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида»ги қонунининг асосий мақсади «таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, уни ўтмишдан қолган мафкуравий қарашлар ва сарқитлардан тўла халос этиш, ривожланган демократик давлатлар даражасида, юксак маънавий ва аҳлоқий талабларга жавоб берувчи юқори малакали кадрлар тайёрлаш Миллий тизимини яратиш» ҳисобланади. Миллий дастур ижросини таъминлаш чора-тадбирларидан бири таълимнинг фан ҳамда ишлаб чиқариш билан интеграцияси таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишдир. Ушбу вазифалар ижроси ҳам таълим сифатига боғлиқдир. Таълим сифати тушунчасига берилган таърифларнинг мазмунини ўрганиш ушбу атама жуда ҳам кенг қамровли бўлиб, унинг даражасига жуда кўплаб омиллар таъсир этишини кўриш мумкин.

 Таълим тизимини такомиллаштириш, мамлакатимиз келажаги бўлган ёшларни замонавий билим олишга йўналтириш, баркамол шахсни тарбиялаш биз устозлар ва ота-оналарнинг ҳамкорликдаги асосий вазифамиз эканлигини унутмаслигимиз лозим.

Гулноза Турсунова, Қарши туманидаги 10 – умумий ўрта таълим мактаби инглиз тили фани ўқитувчиси  

Comments are closed.