«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

ҚАМАШИЛИК ИШБИЛАРМОН

Набатдаги ташрифимиз Қамаши туманига қарашли “Ашурота” фермер хўжалигида бўлди. Шийпонга яқинлашар эканмиз, бир фариштадек аёлнинг ўчоқ бошида олов ёқиб, қозонда овқат пишираётганининг устидан чиқдик. Ошпаз опа билан саломлашиб бўлгач, фермер хўжаликнинг раисини қаердан топсак бўлади, деб сўрашга ҳам улгурмаган эдикки, хўжалик раисининг ўзи қаршимизда пайдо бўлди.

Хўжалик раиси Нурмат ака Ашуров бизни хуш кайфият билан кутиб олди. Хурсандлигининг боиси, раис ғалла режасини ортиғи билан бажаришига ишончи комил эди. Сабаб, белгиланган режанинг деярли 90 фоизини давлат хирмонига топширишга улгурган экан.

Фермер хўжалиги 2000- йил “Ашур ота” номи билан 15 гектар ер майдонида ўз иш фаолиятини бошлаган бўлса, ҳозирги кунда ер майдонини 106 гектарга кенгайтирганини, шундан 55 гектар сувли ғалла (30 гектар лалми), 41 гектар пахта, 2 гектар боғ, 2 гектар ток, 10 гектарини чорва озуқаси учун ажратган. Қўшимча тарзда 15 қути асалари ташкил этиб, 3 йилдан буён халқимиз учун асал етиштириб келмоқда. Хўжаликда 36 бош шартли моллар ҳам боқиб, сут, қатиқ, гўшт маҳсулотларини ярмарка ва савдо дўконларига топширмоқда. 

“Ишлаган, рохат кўради” , — дейди фермер хўжалиги раиси Нурмат ака Ашуров.

Нурмат ака ҳар йили ғалла режасини ортиғи билан бажариб, давлатимиз хирмонига ўзининг улкан ҳиссасини қўшиб келаётган тажрибали ва уддабурон фермерларимиздан. Фермер хўжалиги кўп тармоққа ихтисослашган бўлиб, 2018 — йилдан 20 гектар ер майдонини томчилатиб суғориш бўйича пахтачилик жорий этилди. Томчилатиб суғоришда “Агробанк” томонидан 360 миллион кредит ажратилиб, мақсадли йўналтирилди.

Халқимизда “Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлар” деган мақол бежиз айтилмаган. “Ашурота” фермер хўжалигининг ҳам юқори кўрсаткичларга эришишида қишлоқ хўжалиги учун керак бўлган барча турдаги транспорт воситаларининг мавжудлиги ҳамда раиснинг узоқни кўра билишидадир.

Фермер хўжалик таркибида ишчилар 25 нафарни, мавсумий ишчилар сони 75 нафарни ташкил этади. Хўжалик жорий йилда “Бунёдкор”, “Гром” ғалла навини экиб, режадаги 169 тонна ўрнига 187 тонна ғалла етиштириб давлат хирмонига топширди. Нурмат ака Ашуров фермерлик фаолияти билан чекланиб қолмасдан, Гулшан маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳам ҳисобланади. Раис сифатида маҳалладаги камчиликлардан куйиниб гапирди. Маҳалла аҳолиси учун на биронта қариялар чойхонаси, тўйхона, гўзаллик салони мавжуд эмас. 2018 — йилда 80 ўринли мактаб давлат томонидан қурилди. 2016 — йилда 900 метр йўл асфальт бўлди, 2018 — йилда 1,5 км масофа асфальт қилинди. Оралиқда 2,5 метр йўлда шағал тўкилган ва асфальт қилинмасдан қолиб кетган. Ҳудуддаги 44 — мактаб билан унинг филиали ўртасидаги масофа. Жонкуяр раиснинг истаги филиал ёнидан мактаб учун қўшимча бино қуриш ва мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш.

Эл дардига дармон бўлишда кўрсатаётган хизматлари учун Нурмат ака Ашуровга улкан муваффақиятлар тилаймиз. Нурмат ака каби уддабурон, ишини кўзини биладиган хўжалик раислари кўпаяверсин.

Шахноза ИМОМОВА, сайт мухбири

Comments are closed.