«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Гапнинг пўсткалласи (фельетон)

– Очилганимизга беш кун бўлди. Карантин қоидасига амал қилмасакда, ҳамма шароитчаларни қилиб қўямиз, нонимизни ярим қилманг, мухбир ука. Шошиб турибман, кетишим керак. Оч бўлсангиз тушлик қилинг, меҳмонимиз бўласиз.
– Йўқ-йўқ, ҳовлиқманг, ака! Бутун дунёни ташвишга солган тождор вирусини халқ орасига тарқалиш олдини олиш учун келдик. Мавжуд ҳолатларини ўрганишга. Наҳот, ҳарорат ўлчагичи ва вирусга қарши сувли пуркама, яъни карантин қоидасига амал қилишни ташкил этолмасангиз?
Вилоятимизнинг кўзга кўринган шундай кўркам ҳудудлари борки, улардаги нуқсон юракка чиққан чипқон каби дилни хира қилади. 2020 йил, шанба, 20 июнь. Шаҳрисабз туманининг Чоршанбе қўрғонида жойлашган бозор, савдо дўконлари, стоматология, шошилинч тиббий ёрдами, умумий овқатланиш жойлари аҳволини ўргандик. Аҳвол биз ўйлаганчалик эмас, балки ўйлаганимиздан ҳам ёмон. Гапнинг пўскалласи у ерда на қонун бор, на ижро.

Чоршанбе қўрғонидаги бозорни кўпчилик билади, у ердаги машиналар тирбандлиги ва кези келганда ДАН ходимларидан қочиш, уларни қувиш ишлари ҳали-ҳамон мавжуд. Унда ҳам вилоятдан текширув келса. Бозордаги аҳволга қарасак тарвузнинг чивин босган ҳолати билан кўнгилни хира қилади. Бу аҳволни кўрган чет эллик сайёҳ бозор эмас, чиқиндихона деб ўйлаши табиий. Қўли қадоқ деҳқонлар тирикчилик дардида маҳсулотларини бозор растасида эмас, балки кўчма ер тўшамаларида харидор чақириш билан овора. Пешин вақтидан ўтиб, кеч кирди ҳамки бозор раҳбариятидан дарак бўлмади.
Замонавий усулда бунёд этилган савдо дўконларида эса зарарсизлантирувчи воситалар ўзининг ҳимояси учунгина ёнларида турибди. Савдо дўконига кириб-чиқувчи харидорларга карантин қоидасидаги белгиланган тартибдагидек хизмат кўрсатилмаяпти. Ичкарига кириб, харидор сўрасагина сотувчилар типирчилаб қолиш ҳолати кузатилди. Бу не ҳолат?
Кейинги ҳолат Чоршанбе қўрғонидаги стоматология поликлиникасида рўй берди. Эски, таъмирталаб бўлган ушбу поликлиникада мижозлар бисёр, бироқ тиш шифокорлари ҳақиқатда саноқли. Касаллик қўшни икки туманда – Китоб ва Чироқчида карантин ҳудудига айланган бўлсада, лекин шаҳрисабзлик айрим юртдошлар бефарқдек гўё. Стоматология ходимларига мана шуни айтганимизда бизни маъқуллади-ю, бугун иш куни эмаслигини телефон орқали билдирди. Ўзини “раҳбар” дея таништирган опанинг жавоби шундай бўлди:
– Карантин ҳолатига амал қилган ҳолда ишлаяпмиз, бироқ бугун иш куни бўлмаганлиги сабабли, эътиборсизлик биздан ўтди, ука. Кечиринг. Келгуси ҳафта келганингизда ҳаммасини жой-жойига қўйишга ваъда берамиз.
Раҳбар ҳам гапнинг пўсткалласини очиқчасига айтди. Айбини тан олди. Кейинги манзилимиз шошилинч тиббий ёрдамга бўлди. Бу ерда дарвоза олдида битта ҳарорат ўлчагич бўлиб, у ҳам барча кириб-чиқувчиларга хизмат қилмаяпти. Ичкаридаги ҳолат эса аввалгилардан қолишмайди. Мухбир келди, дея югур-югури бошланди. Юзига ниқоб тақмаган баъзи ҳамшира ходимлар-у, шифокорлар ўзига келгандай бўлиб тараддудланиб қолишди. Шифокор, бўлим бошлиғи қабулида бўлиб, мавжуд вазият ҳақида билдириш бердик. У эса хушёрликни янада оширишга ваъда берди.
Юқоридаги ҳолатларни кўпгина жойларда кузатиш мумкин, бироқ кузатмаслик ҳам мумкин. Ҳаддини билган, қандини уриб ишламоқда. Бу ҳолатларни кўриб, наҳотки бу яна қанчагача давом этар экан, деган ўйловда қолдик ва кўрганларимиз ҳамда эшитганларимизни қоғозда қораладик.
Дунёни сув босса ўрдакка не ғам, қабилида яшаётганларни инсофга, раҳбарлар ва мутасаддиларни хушёрликка чақирамиз. Гапнинг пўсткалласи қонун-қоидалар раҳбарга ҳам, халққа ҳам бир бўлишлигини айтмоқчимиз. Зеро, бир кишининг саломатлиги жоиз бўлса бутун халқнинг хотиржамлигига сабаб бўлади.

Муаллиф: Пойлоқи

Comments are closed.