«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Сувсиз ердан унумли фойдаланаётганлар

Деҳқонобод туманидаги Ойдин маҳалла фуқаролар йиғини ўз иш фаолиятини бошлаганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Маҳалла раиси Баҳодир Тошбоевнинг жонкуярлиги ва талабчанлиги билан маҳаллада қатор ишлар амалга оширилмоқда. Маҳалла аҳолиси хонадонларида ўзининг шифобахшлиги билан донг таратган “коврак” ўсимлигининг экилиши яхши йўла қўйилган. Аҳолининг келгусидаги асосий даромадини коврак ўсимлиги таъминлаб берса не ажаб. Коврак ўсимлиги сувсизликка бардошлилиги ва кўп йиллик ўсимлик бўлганлиги ҳам аҳолига қўл келмоқда.

Лалми ерларда экин экиб даромад олишнинг ўзи бўлмайди. Аҳолининг ишбилармонлиги ҳамда раис ва унинг ёрдамчиси Гулноз Қурбоноваларнинг ташаббуси билан сувсиз ердан ҳам унумли фойдаланишга эришилмоқда. Ўз томорқасида коврак ўсимлигини етиштираётган фуқаролардан бири 70 ёшли нуроний Абдикарим Жовлиев бошқаларга ўрнак бўлувчи ишларни амалга оширган.

Абдикарим ота умр йўлдоши Дуйнахон Ражабова билан 10 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказишди. Ота бир неча йиллар мактабда она тили ва адабиёт фанидан ёшларга зиё улашиб келди. Умр ййўлдоши Дуйнахон ая ҳозирда ҳам 85-мактабда иш фаолиятини давом эттириб келмоқда.

Ойдин маҳалла аҳолиси учун ҳам имтиёзли кредитлар ажратилиб 21 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Ажратилган кредитнинг барчаси чорвачиликка йўналтирилди.

Шу билан бирга маҳалланинг 16 километрига шағал ётқизилди. Ҳашар йўли билан кўчаларни билаштирувчи 2 та кўприк қурилди, ҳамда 3 та янги трансформатор ўрнатилди. Маҳалла аҳолиси учун барча шарт-шароитларни босқичма-босқич амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Шахноза ИМОМОВА,
Teleradio.uz сайти мухбири

Comments are closed.