«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Очиқ кўринган ҳақиқатлар

Бугун Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида Қашқадарё вилояти Мактабгача таълим бошқармаси мутассадилари иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари тизимидаги янгиликлар, мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳамда ютуқлар ҳақида журналистлар билан очиқ суҳбат бўлди.

Қашқадарё вилоятида 1284 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлиб, шундан 900 тасини нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этади. Жами воҳада болалар сони 285 871 нафар 3-7 ёшлилар, 116 297 нафар қамраб олинган болалар, 169 574 нафар қамраб олинмаган болалар таълим-тарбия олади.

Шунингдек, журналистлар томонидан ўртага қўйилган муаммолар, яъни Қарши туманидаги Чароғил қишлоғидаги икки қаватли мактабгача таълим муассасасининг таъмирлаш ишалари ниҳоясига етмаётгани, ҳомийлик ёрдами кўрсатилиши хусусида, Касби туманидаги 1-сонли мактабгача таълим муассасасида газ таъминоти йўқлиги каби қатор муаммоли саволларга жавоб берилди.
– Албатта, бу муаммолар тезда ҳал бўлмайди. Давлат дастурига кирган муассасаларни таъмирлаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилади. Сабаби, бундай мактабгача таълим муассасалари жуда кўп. Бу муаммоларни ҳал этиш нафақат бизнинг зиммамизда, балки вилоят ва туман ҳокимликлари, сектор раҳбарлари ва бошқа мутассади ташкилотларга ҳам узвий боғлиқ масала саналади, – дейди Қашқадарё вилояти Мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Асрор Алимардонов.

Давр кўзгуси сифатида эътироф этилган оммавий ахборот воситалари бу каби муаммоларни давлат идораларига кўрсатиб берувчи «кўзгу» саналади. Ва бу кўзга кўринган очиқ ҳақиқатлардир. Хусусан, журналистлар бу каби муаммо ва камчиликлар юзасидан мулоқотга киришиши давлат идораларини доимий хушёрлик ва эътиборга чорлаб туради. Брифинг сўнгида журналистллар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.

Учрашувдан сўнг Қашқадарё вилояти Мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Асрор Алимардонов журналистларни 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалар ходимлари куни билан самимий муборакбод этди.

Муҳаммадали МАМАДАЛИЕВ, журналист

Comments are closed.