«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Меҳнаткаш чимқўрғонликлар

Қадим воҳамизнинг ривожланишига муносиб ҳисса қўшаётган Чироқчи тумани ўзининг кенглиги, деҳқончилик ва чорвачилиги билан ажралиб туради. Teleradio.uz ижодий жамоамиз билан туманнинг Чимқўрғон маҳалла фуқаролар йиғинига ташриф буюрдик. Бу маҳалла 2017 йил 22 декабрда ташкил топган бўлиб, аҳолининг кўпчилиги чорвачилик билан шуғулланади. Маҳаллада 27 та пиллакор ва 3 та фермер фаолият юритади. Маҳалла раиси Муҳиддин Худойқулов 3 йил давомида 3-4 километр масофага шағал ётқизиш билан бирга, 15 миллион сўмлик йўл қурилишига ўз ҳиссасини қўшган.

Кам таъминланганлар сони 2 оила бўлиб, улар ободонлаштириш ташкилотларига иш билан банд қилинган. Карантин даврида «Саховат ва кўмак» ташаббуси билан 32 оила, 7 турдаги озиқ-овқат маҳсулоти билан таъминланди.

Шунингдек, маҳалла мактабида қатор муаммолар бор. Чунки, мактаб биноси бир қаватли бўлганлиги сабабли ўқитиш уч босқичга (смена) бўлинган. Маҳаллада биринчи ташриф буюрган манзилимиз фуқаро Улаш ота Кўчаров хонадони бўлди. Бу уйга киришимизда ўзгача файз бизни қамраб олди. Бу оилани бизга ўқитувчилар оиласи деб мақташган эди. Ҳақиқатдан ҳам оила аъзоларининг ҳар бири бизни ўзгача эътибор, ҳурмат билан кутиб олишди.

– Мен ҳақимда бир очерк ёз, қизим, – дейди кулиб, хонадон бекаси Норчучук опа Ҳусанова. Мазкур хонадон вакиллари болалар учун хусусий боғча очган. Боғча болалар мебели, ўйинчоқлар, болалар учун китоблар билан таъминланган.
– Боғчамиз 15 кун ишлаган бўлсада, болалар мадҳия ва алифбони ёдлаб олди, – дейди, Норчучук опа. Бу оила ўз томорқасидан ҳам унумли фойдаланишни йўлга қўйган.
– Томорқамиздаги картошка, пиёз, сабзи нима бўлса, ҳаммасини шу келинимиз қилади, биз шу пилламиз билан овуниб ўтирамиз, — дейди Улаш ота. Оила 45 йилдан бери пилла билан шуғулланади.

Бобомурод Шукуров хонадонининг 15 сотих ерида картошка, 4 сотих ерида эса 50 туп лимон эккан. Холмирза Норбўтаев эса 2 йилдан буён пилла ва чорва билан шуғулланади.

Пешона тери билан меҳнат қилаётган ва эл корига яраётган меҳнаткаш чимқўрғонликлар турмушига фаровонлик, ризқига барака тилаган ҳолда ижодий жамоамиз билан яна Қарши шаҳрига қайтдик.

Durdona ABDURASULOVA
«Teleradio.uz» sayti muxbir

Comments are closed.