«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Chiroqchi tumani: bog’larga tutash xonadonlar

Ўзбек халқи ҳаётида маҳалла азалдан маданият ўчоғи бўлиб келганлиги ҳеч биримизга сир эмас. Чироқчи туман Дам маҳалла фуқаролар йиғини 2017 йил 14 октябрь куни ташкил этилган. 5165 кишилик аҳолини ўз ичига олган маҳаллада 878 хонадон истиқомат қилади. Маҳалла ҳудудидаги 2 та мактаб барча болаларни таълим тизимига қамраб олган, 3 та гўзаллик салони эса аёллар гўзалигига ҳисса қўшиш учун тун-у кун хизматда. Маҳаллада кам таъминланган аҳоли сони 17 нафарни ташкил этиб, бугунги оғир эпедимиологик вазиятда «Саховат ва кўмак» ташаббуси доирасида ташкиллаштирилган хайрия ёрдамлари берилган. Бундан ташқари аҳолининг 20 нафар ишсиз қатлами иш билан таъминланганлиги ва 35 нафар хотин-қизлар пилла етиштириш учун рағбатлантирилганлиги маҳалла фидойиларининг самарали меҳнатларидан дарак беради.

Аҳоли пахта, ғалла, томорқа хўжаликларидан тушган даромад асосида ҳаёт кечиради. Мисол тариқасида, Урол бобо Кенжаев ҳамда Махфират момо Бердиёрова нафақага чиққандан сўнг набиралари бағрида ерга меҳр бериб, картошка, бодринг етиштириб, кексалик гаштини суришмоқда. Мўжазгина ерида лимон етиштираётгани ва даромад олаётганига ҳам беш йил бўлган. Шу билан бирга улар уруғдан кўчат етиштириш билан ҳам шуғулланишади.

Акбар Кенжаев бошчилигида пиллачилик соҳаси юқори даражага кўтарилган. У 30 йилдан буён пилла етиштириб келяпти. Бундан ташқари Акбар Кенжаев 40 гектардан иборат бўлган ўз фермер хўжалигига ҳам эга. Бу 40 гектарнинг 6 гектарида бог барпо этган.

Маҳалланинг жонкуяр фидойиларидан бири Абдурашид Боймуров ўзлари ҳайвонлар шифокори бўлишига қарамасдан, давлат кредити асосида 24 сотих майдонида катта иссиқхона барпо этганлар. Иссиқхонада ўғиллари ва келинлари билан биргаликда бодринг, помидор етиштирилмоқда. Уларнинг жажжи набиралари Кумушхон Абдурашидова ёш бўлишига қарамасдан уруғдан кўчат етиштириш ишларида бобосига кўмаклашмоқда.

Эътиборли жихати шундаки, бу маҳаллада хонадонида боғ барпо этмаган кишининг ўзи йўқ. Дам МФЙ 2022 йил «Обод маҳалла» давлат дастурига киритилган бўлиб, маҳалла раиси Ёрқул Бекмуродов бошчилигидаги маҳалла янада чирой очишига тилакдошмиз.

Азиза РАВШАНОВА
Teleradio.uz PR-мухбири

Comments are closed.