«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

МЕҲНАТКАШ КЎЛБУЛОҚЛИКЛАР

Ҳар бир халқнинг, миллатнинг, жойнинг тарихи, келиб чиқиш сабаби бор. Мана шундай тарихий масканлардан бири 1992 йилда ташкил этилган Кўкбулоқ маҳалласидир. Маҳалланинг бундай ном олишида бутун бошли тарих жамланган. Сабаби муқаддас Лангарота зиёратгоҳи жойлашган бу маҳалладан йил бўйи зиёратчиларнинг қадами узилмайди.

Маҳаллада 4491 та аҳоли мавжуд бўлиб, 1061 та хонадон истиқомат қилади. Кам таъминланган аҳоли сони 6 нафар. Ҳозирги синовли пандемия даврида аҳолининг кам таъминланган ҳамда ишсиз, ёрдамга муҳтож қатлами учун «Саҳоват ва кўмак» аксияси доирасида 73 та хонадон 7 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланган. Бу саҳоватпеша халқимизнинг нақадар очиққўл ҳамда юртдошлари учун жонкуярлигидан далолатдир.

2019 йилда сайланган маҳалла раиси Зафар Каримовнинг фаолияти бошлаганлигига оз муддат бўлишига қарамай маҳалла, халқи учун фидойилик билан меҳнат қилмоқда. Бир йиллик фаолияти давомида маҳалласи учун 5 километр узунликдаги йўл майдонига шағал ётқизиб, маҳалла ободлигини таъминлаган. Маҳалла аҳолисини газ билан таъминлаш мақсадида вилоят ҳокими Зоир Мирзаев бошчилигида газ қуйиш шаҳобчаси барпо этилди.

Шу билан бирга аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондиришда бир қатор ишлар амалга оширилди. Ҳудуд аҳолисининг асосий фаолият тури деҳқончилик ва чорвачилик ҳисобланади. – Бизнинг аҳоли жуда меҳнаткаш. Тоғли ҳудудда жойлашганлигимизга қарамасдан деҳқончилик маҳсулотлари экиб, парваришлаймиз. Чорва боқмайдиган хонадоннинг ўзи йўқ. Ризқимизни ер ва чорвадан топиб, кам бўлмадик, – дейди маҳалла раиси Зафар Каримов.

Кўкбулоқ ҳудудидаги ерлар лалмикор бўлганлиги учун нўхот, зиғир каби маҳсулотларнинг ҳосили яхши. Тоғли ҳудудларда эса картошканинг турли навлари экилади. Аҳоли ўз ҳисобидан томорқа хўжалигини ташкил этиб, ердан унумли фойдаланиб келмоқда. «Асл Сазан» хусусий корхонасини ташкил қилган Шуҳрат Абдуллаев аҳолини йил бўйи сифатли нон маҳсулоти билан таъминлаб келмоқда.

Шунингдек, маҳаллада замон талабларига мос янги шифохона қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Ижодий жамоамиз номидан бу каби эзгу ишларга бош бўлаётган ва халқимиз турмуш тарзи, фаровонлигининг ошишига ҳисса қўшаётган раҳбарлар фаолиятига муваффақият ва маҳалла аҳолисига тинчлик-хотиржамлик тилаймиз.

Азиза РАВШАНОВА,
Teleradio.uz PR-мухбири

Comments are closed.