«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Ўн кунда барпо этилган иссиқхоналар

Нишон туманида жойлашган Кўксой маҳалла фуқаролар йиғинида томорқа ишлари fqyb авжида. Айтишларича, маҳаллада ўтган 10 кун ичида 7 та иссиқхона барпо қилинибди. Бу хабарлар бизни қизиқтириб қўйди ва ижодий жамоамиз билан Кўксой МФЙга йўл олдик.

Маҳаллада 4234 та аҳоли истиқомат қилади. Ҳар бир оила томорқасидан самарали фойдаланиб турли озиқ овқат маҳсулотлари етиштирмоқда. Жумладан, помидор, бодринг, картошка, пиёз каби сабзавотлар экишган. Бу борадаги ишлар юзасидан маҳалла раиси Ўткирбек Холиқов билан суҳбат олиб бордик.

– Бугунги пандемия шароитида маҳалла аҳолиси нималар билан банд?

– Айни кунларда барча карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда аҳолимиз уйида қолиб, томорқаларида оиласи билан меҳнат қилмоқда. Зеро, бу томорқадан олинадиган даромад баъзи оилалар учун қўшимча пул маблағи ҳисобланса, бошқа оилалар учун тадбиркорлигини кенгайтиришида қўшимча жамғарма саналади. Шундай экан, маҳалламизда айни пишиқчилиқ палласида ҳамма иш билан банд.

– Маҳаллада ёшлар орасида қандай назорат шаклланган, уларни иш билан таминлаш, касбга йўналтириш, тадбиркорлигини йўлга қўйишда қандай амалий ёрдамлар маҳалла томонидан берилмоқда?

– Бизнинг маҳаллада, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликни олдини олиш мақсадида кенг қамровли чора тадбирларга асосланган ишлар амалга оширилмоқда. Ёшларни иш билан таминлаш мақсадида тадбиркорлик қилиш истагини билдирган 30 ёшгача бўлган фуқароларимизга банкдан кредит олишга ва иссиқхона қилишига амалий ёрдам бердик. Натижада ўтган 10 кун давомида маҳалламизда 7 та иссиқхона барпо этилди.

– Раҳбарлик қилаёотган маҳаллангизда қисқа вақт ичида 7 та иссиқхона барпо қилинибди. Бу иссиқхоналарда нималар етиштирилмоқда?

– 40 сотиҳли томорқага эга бўлган фуқаро Муродов Абдурасул, 8 сотиҳли ерига иссиқхона ташкил қилди. Унда эртапишар сабзавот маҳсулотлари экиб, аллақачон бозор расталарига чиқарди. Бошқа иссиқхоналарда ҳам сабзавотлар билан бирга цитрусли мевалар, жумладан лимон ҳам етиштирилмоқда.

Юрт равнақи, меҳнаткаш халқимизнинг хотиржам ва фаровон яшаши давлатимиз сиёсатининг асосий мақсадидир. Шундай эзгу мақсад рўёби учун меҳнат қилаётган Кўксой маҳалла фуқаролари йиғини аҳолисига янада улкан зафарлар ва ҳосилига барака тилаймиз.

Отабек ЗИЁ
«Teleradio.uz» мухбири

Comments are closed.