«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

ТОМОРҚАСИНИ ЯШНАТГАН ЯХШИ ЯШАЙДИ

Ғузор тумани, Мустақиллик маҳалла фуқаролар йиғини. Ижодий жамоамиз билан ушбу маҳаллага яқинлашар эканмиз, маҳалланинг ҳозирги замон талабига мос равишда қурилганига гувоҳ бўлдик. Мустақиллик МФЙ ҳудуди 48 гектар бўлиб, 26 гектарини экин майдони, 7 гектарини эса боғдорчилик ташкил қилади.

– Гузарнинг қурилишида туман ҳокими Бекзод Суюнов ҳамда ҳомийларнинг ёрдами катта бўлди, – дейди Мустақиллик маҳалла фуқаролар йиғини раиси Миркомил Пардаев.

Карантин пандемияси даврида томорқани ўзлаштириш мақсадида “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш” жамғармаси томонидан аҳоли учун 700 та кўчат тарқатилди. 53 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш юзасидан 2 нафар хотин-қиз пилла мавсумида қатнашиб, 1 йиллик иш стажига эга бўлди. 23 нафар фуқарони иш билан таъминлашни ўз олдиларига мақсад қилиб олишган бўлса, шундан 3 нафари мавсумий иш билан таъминланди. Шунингдек, тадбиркорлик билан шуғулланишни истовчи 7 та оилага имтиёзли кредитлар олиб, иссиқхона қуришга тавсияномалар бериш кўзда тутилган.

Маҳаллада сабзавот экмаган хонадонни топиш мушкул. Аҳоли бодринг, помидор, булғор қалампири, кўкат етиштиришнинг ҳадисини олган. Бунда маҳалла мутасаддиларининг ҳам ҳиссаси катта. Сабаби маҳалла раиси Миркамол Пардаев, ёрдамчилари Дилсўз Алиева ва Шарофат Жабборовалар билан биргаликда ҳар бир хонадонга ташриф буюриб, аҳоли турмуш тарзини ўрганиб, фуқароларга томорқадан самарали фойдаланишлари учун амалий ёрдам кўрсатишмоқда. Ердан унумли фойдаланишдан мақсад рўзғор учун зарур экинлар экишдир, бундан ташқари ортиқчаси бозорга чиқарилса, оила бюджетига фойда ҳамда бозорларимизда арзончилик ва тўкинчиликка эришилади. Буни яхши англаган ғузорликлар кичкина томорқасини ҳам яшнатиб, фаровон ҳаёт кечиришаяпти. Истиқлол кўчасидаги намунали лойиҳалар асосида қурилган ҳовлиларнинг бирида яшовчи Элдор Дўстмуродовнинг ҳовлисида иссиқхона қурилган. Иссиқхонада полиз экинларидан бодиринг етиштирилмоқда. Элдор оила-аъзоларининг ёрдами билан йил бошидан ҳозирги кунга қадар 300 кг бодиринг териб олишга эришди.

Элдор Дўстмуродовнинг рафиқаси Нилуфар Равшанова

Уларга қўшни бўлган 6-хонадонда ҳам иссиқхона мавжуд бўлиб, унда ҳам бодиринг етиштирилмоқда. Хонадон соҳибаси Сарвиноз Шобердиеванинг томорқасида 200 дан ортиқ бодиринг кўчатлари парваришланмоқда. Айни дамда хонадон соҳиблари 350 минг сўмдан ортиқ даромадга эга бўлишди.

Шу кўчанинг 10-хонадонида яшовчи Аббос Суюнов ҳам ўз томорқасидан унумли фойдаланмоқда. Аббосжон ёш бўлишига қарамай “Миллий банк” орқали имтиёзли кредит олишга муваффақ бўлиб, исиқхонада ўз тадбиркорлигини бошлади. Ёш тадбиркоримизга яқиндан кўмак бериб келаётган волидаси Д. Абдужабборова исиқхонада 250 дона булғор қалампир ниҳолини экишди. Бу булғор қалампири серҳосил бўлиб, ўтган йили оила бюджетига анчагина даромад келтирди. Йил бошидан шу кунга қадар 300 минг сўмлик даромад қилишди. Аббосжоннинг орзулари катта, у компьютер инженеринг йўналишида таҳсил олмоқда. Карантин падемияси даври бўлишига қарамасдан ўз оилаларига қўшимча даромад келтираётган ушбу хонадон эгаларининг ниятлари, иссиқхонадаги фаолиятларини кенгайтириш ва даромадни кўпайтиршни ўз олдиларига мақсад қилиб олишган.

Бугунги кунда мамлакатимизнинг ҳар бир вилояти, чекка туманларида ҳам томорқа хўжаликларининг ривожланиши одамларнинг турмуш даражасини янада яхшиланишига, қўшимча даромад манбаларига эга бўлишига, озиқ-овқат мўллигига эришиш, оилаларнинг моддий таъминотини яхшилаш ва энг муҳими аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳукуматимиз томонидан аҳоли томорқа хўжаликларини ривожлантириш ва даромад олиш манбаларини кенгайтириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлардан кенгроқ фойдалансак нафақат ўзимизни, оиламизни балки, халқимизни, мамлакатимизни ҳам бой қиламиз.

Ш.ИМОМОВА,
teleradio.uz
PR – мухбири

Comments are closed.