«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Қарши шаҳар Боғишамол МФЙ: ҲАР БИР ОИЛА ТАДБИРКОР

Халқимиз азалдан боғ яратишнинг ҳадисини олган. Бугунги кунда аҳолимиз ўз томорқасидан самарали фойдаланиб, бир йилда 3 мартагача ҳосил олмоқда. Қарши шаҳридаги Боғишамол маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисининг ўз томорқаларидан унумли фойдаланишларини рағбатлантириш мақсадида “Саҳоват ва кўмак” жамғармаси кўмагида хонадонларга помидор, булғор қалампури, бақлажон ва мевали дарахт кўчатлари беғараз тарқатилди.

Карантин пандемияси даврида аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида мазкур “Саховат ва кўмак” жағармаси ҳамда 18 нафар фаол тадбиркорлар томонидан яна савобли ишга қўл урилди. Эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бор оилаларга 7 хил турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Маҳалланинг ўзида 8 тоннадан зиёд ун келтирилиб, имтиёзли нархларда аҳолига тарқатилди. Шу билан бирга тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган ёшларга тижорат банкларидан имтиёзли кредит олишлари учун маҳалла томонидан амалий ёрдам кўрсатилиб тавсияномалар берилмоқда.

Маҳалла раиси Мастура опа Тўхтаеванинг “Ҳар бир оила тадбиркор” лойиҳаси доирасида маҳаллада олиб борган ташвиқот ва тарғибот ишлари ўз самарасини кўрсатмоқда.
Боғишамол МФЙ Мироблар кўчасида яшовчи тадбиркор Музаффар Ҳасанов давлатимиз томонидан яратилаётган имтиёзлардан унумли фойдаланишга ва янги иш ўринлари яратишга астойдил бел боғлади ҳамда бу олийжаноб мақсадига эришди. “Турон банк” Қарши филиали орқали имтиёзли 180 млн сўмлик кредит маблағи олишга эришиб, 6 та замонавий тикув машиналари, 1 та бичиш столи ҳамда Хитой халқ республикасидан махсус кўрпа қавувчи ускуна олиб келди. Айни вақтда 10 га яқин иш ўринларини яратди.

Ёш тадбиркор Музаффарга яқиндан кўмак бериб келаётган волидаси Раъно опа Азизова, ҳамда умр йўлдоши Шоҳиста Чориеваларнинг ёрдами катта. Цехда асосан кўрпа, ёстиқ ва ғилоф тикилади. Ишчилар томонидан ойига 2500 тагача тайёр маҳсулот харидорларга етказиб берилмоқда. Моҳир бичувчи ва тикувчи Гўзал Азизова матоларни бичиб, ўз вақтида ишчи-ходимларга етказиб беради ва тикилаётган маҳсулотларни сифатини назорат қилиб боради.

Пандемия даврида ишчилар учун цехда ҳамма шарт-шароитлар мавжуд. Тикувчилардан Ш.Анварова, Ҳ.Норова, М.Худойқулова жонбозлик кўрсатиб меҳнат қилмоқдалар. И.Жумаев, Ш.Қўзиевлар эса кўрпаларни махсус ускуна ёрдамида қавиб, маҳсулотни харидоргир бўлишига ўз ҳиссаларини қўшишмоқда.

Карантин даврида тадбиркор М.Ҳасанов ва ишчи ходимлар билан саҳоватпешаликни амалга ошириб, маҳалласи аҳолиси учун 500 дона, Сирдарё вилояти Сардоба туманида сув тошқинидан жабр кўрганлар учун эса 600 дона тиббиёт маскаларини “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали юборишга эришди. Ёш тадбиркорнинг келажакдаги орзуларидан бири тикув цехини кенгайтириб, яна янги иш ўринлари яратиш. Ҳа, тадбиркор бой бўлса, юрт фаравон ва қудратли бўлади. Воҳамизда Музаффардек ишбилармон, қўлиочиқ тадбиркорлар сафи кенгаяверсин.

Ш.Имомова,
teleradio.uz PR – мухбири.

Comments are closed.