«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Коррупцияга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиз

Коррупция давлат хизматчиларининг порахўрлиги, мансабини суистеъмол қилиши, ҳокимиятнинг обрўсизланишига, мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етишига сабаб бўлади. Бундай жиноятлар давлатнинг миллий хавфсизлигига жиддий таҳдид солади.

Мамлакатимизда давлатнинг конституциявий асосларини емирувчи, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишига олиб келувчи бу мудҳиш жиноятга қарши курашиш, коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни олдини олиш борасида тизимли равишда ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупция омилларини келтириб чиқараётган тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган
30 тага яқин қонун, 100 тага яқин Президент ва Ҳукумат қарорлари қабул қилинди.

2019 йилнинг 27 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, унга кўра, иқтисодиётни янада ўстириш, халқ фаровонлигини янада ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги вазифаларни ҳал этишда коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда коррупция кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича бир қанча чора-тадбирлар белгиланган.

Фармонга мувофиқ 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури тасдиқланиб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар Давлат дастурининг ҳар бир банди бўйича мақсадларга эришиш самарадорлик индикаторларини ишлаб чиқиши белгиланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашларининг таркибида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ишларнинг жойлардаги ҳолатини комплекс ўрганиш, коррупция кўринишлари намоён бўлишига олиб келадиган  тизимли муаммолар ва коррупциянинг ҳолати тўғрисида ахборот ва ушбу соҳадаги фаолиятни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиб бориш функцияси юклатилган коррупцияга қарши курашиш комиссиялар ташкил этилди.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг ўрта муддатли истиқболдаги устувор йўналишлари белгиланди, давлат органлари зиммасига юкланган вазифа ва функцияларни амалга оширишда юзага келадиган коррупция хавф-хатарларини вақти-вақти билан мажбурий баҳолаб бориши, шунингдек давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи органлари раҳбарлари коррупция хавф-хатарларини ўз вақтида аниқланмаганликлари ва тегишли баҳо бермаганликлари, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни такроран содир этиш ҳолатларига йўл қўйганликлари юзасидан шахсан жавобгар бўлишлари белгиланди.

Жорий йилнинг 25 январида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам коррупцияга қарши қатъий курашиш, жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлиши ҳамда бу ёвуз балонинг олди олинмаса ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмаслиги ва жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмаслиги ҳақида сўз юритдилар.

Шунингдек, парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этилишини таъкидладилар.

Яна бир муҳим масала, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасида давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларнинг бири сифатида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ташкил этиш белгиланган.

Хусусан, адлия бошқармаси томонидан жорий йилда бугунга қадар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 38 та норматив-ҳуқуқий тусдаги қарор лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, экспертизадан ўтказиш жараёнида давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида коррупциянинг келиб чиқишига ҳамда бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилишига шароит яратадиган қоидалар ва нормалар мавжуд бўлмаслигига алоҳида эътибор қаратилди.

Ривожланган давлатларда коррупцияга қарши кураши мисолида сўз юритадиган бўлсак, Сингапур давлати 1965 йил мустақилликка эришгач коррупция даражаси энг юқори бўлган давлатлар қаторида турар эди. Лекин бу иллатга қарши ўтказилган бир қатор тадбирлар бу давлатда коррупциянинг минимал даражага тушишига олиб келди. Биринчи навбатда бу ерда бюрократик жараёнлар енгиллаштирилиб, суд тизимининг мустақиллиги оширилди (судьяларнинг даромадлари ва имтиёзларини ошириш эвазига). Шу билан бирга, коррупция жиноятлари учун санкциялар оғирлаштирилиб, фуқароларга коррупцияга қарши жиноятларни тергов қилишда ҳамкорлик қилишдан бош тортганлиги учун жуда катта молиявий санкциялар белгиланди.

Бир қатор давлат идораларида оммавий “тозалашлар” ўтказилиб, бу жараёнлар телеканаллар орқали бутун мамлакатга намойиш қилинди. Юқорида санаб ўтилган омилларнинг ҳаммаси Сингапурни қисқа муддатларда коррупция даражаси энг паст мамлакатлар рўйхатидан илғор давлатлар қаторига олиб чиқди. Шунингдек, давлат хизматчисининг аҳлоқ стандартларига риоя этишини қаттиқ назорат остига олиш ҳам Сингапур давлатида коррупцияга қарши курашда муҳим дастаклардан бири бўлиб хизмат қилади.

Давлатимиз томонидан коррупцияга қарши самарали курашиш натижасида давлат иқтисодиётига жиддий зиён келтирилиши, ҳалол меҳнат билан кун кечираётган кишиларга маънавий зарар етказилиши, халқ ва давлат ўртасида ишончсизликни юзага келишининг олди олинади. Солиқ, божхона, молия ва шу каби муҳим соҳалардаги коррупция мамлакат иқтисодиёти барқарорлигига салбий таъсир кўрсатиб, муайян гуруҳдаги шахсларнинг ноқонуний бойишига тўсқинлик қилинади.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз лозимки, Давлатимиз раҳбарининг “…бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак” деган даъватларига ҳар биримиз ўта масъулият билан ёндошишимиз зарур.

Н.Саттарова,
Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи

Comments are closed.