«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

ШУКРОНАНИ УНУТМАЙЛИК

Карантин чекловлари даврида тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг тўхтатилиши фуқароларнинг ишсиз, даромадсиз қолишига олиб келди. Хусусан, мамлакатимизда умумий овқатланиш тармоғида 13 минг, савдода 45 минг, хизмат кўрсатишда 19 минг, транспортда 7 минг корхона фаолиятини тўхтатгани оқибатида аҳоли даромадлари сезиларли камайган.
Қийин иқтисодий вазиятда Президентимиз ташаббуси билан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида муҳтож фуқароларнинг уйларига давлатимиз, қолаверса саховатли тадбиркорларимиз томонидан зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда беғараз ёрдам пакетини тезроқ жорий қилиш зарурлиги, бўлмаса, юз минглаб, ҳатто, миллионлаб одамлар янада қийин аҳволга тушиб, мамлакатда норозилик кайфияти юзага келиши мумкинлиги тўғрисида фикрлар бот-бот кўзга ташланмоқда.
Аммо Ўзбекистон шароитида одамларга оммавий моддий ёрдам бериш ўнглаб бўлмас салбий оқибатларга олиб келишини таъкидловчилар ҳам бор.
Албатта, ҳозирги синовли вазиятда барчамиз ақл билан иш кўрмоғимиз лозим. Сабаби бу каби асоссиз даъватларни тарқатаётганлар, бу ҳолат юртимизда инфляцияни тезлашиши, бюджет тақчилигининг ошиши шунингдек, ёрдамга муҳтож бўлмаганлар томонидан ҳам моддий ёрдам олиниши омилларини келтириб чиқариш мумкинлигини афсуски, ўйлаб ҳам кўришмаяпти.
Зеро, биз бир майизни қирқ бўлиб еган халқмиз. Ўзбек халқига юксак меҳр-мурувват, оқибат ва бағрикенглик бизга буюк аждодларимиздан мерос фазилатдир. Ер юзида жуда камдан-кам давлат ва миллат бундай юксак инсоний фазилатлар билан ғурурланиши мумкин. Шундай экан, азиз юртдошим! Юртимиз бошига тушган синовли кунларда кўрсатилаётган бу каби ёрдамлар учун шукроналикни унутмайлик.

Сарвиноз ШУКУРОВА «Воҳа» газетаси бош муҳаррири

Comments are closed.